Қозоғистон мажлиси (парламент қуйи палатаси) 13 октябрь куни Жиноят кодексига ўлим жазоси бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда «Sputnik Қозоғистон» хабар берди.

Фото: «Московский комсомолец»

Ўзгартиришларга кўра, Жиноят кодексининг 13 та моддасидан ўлим жазосини чиқариб ташлаш, фақат ҳарбий характердаги ўта оғир жиноятлар учун қолдириш таклиф этилган.

Қайд этилишича, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар БМТ фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактининг ўлим тўғрисидаги жазони бекор қилишга қаратилган ккинчи факультатив протоколига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қозоғистон бу протоколни 2021 йил январь ойида ратификация қилган.

«Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Жиноят кодексининг 13 моддасидан ўлим жазосини истисно қилишни назарда тутади. Бу жазо турини қўллаш фақат уруш даврида содир этилган ҳарбий характердаги ўта оғир жиноятлар учун белгиланади», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ жиноятларга уруш очиш ва олиб бориш, оммавий қирғин қуролларини ишлатиш, ҳарбий асир ва тинч аҳолини ўлдириш каби ҳолатлар киради.

Аввалроқ Қозоғистонда итлар жанги тақиқланиши маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакатда ит ва мушукларни ейиш тақиқланиши мумкинлиги айтилган.