Жаҳон банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида қиймати 183,6 миллион АҚШ доллари бўлган «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED) бошчилигидаги Канада Халқаро сув котибияти, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва «Тараққиёт» маркази иштирокидаги консорциум ёрдамида «қуйидан юқорига» тамойили асосида амалга оширилмокда. 

Фото: «Ridp.uz»

Лойиҳа доирасида 2021–2024 йилларда республикадаги 5 та вилоятда жойлашган 306 та, шу жумладан, Андижон вилояти бўйича 72 та МФЙ инфратузилмаси ривожлантирилиши кўзда тутилган. Ҳозирда Булоқбоши ва Марҳамат туманларида иккитадан МФЙда сафарбарлик ишлари якунига етказилиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича сублойиҳалар тасдиқланди.

Сублойиҳалар ижтимоий обьектларни таъмирлаш, сув, электр энергия тизимларини ва ички йўлларни таъмирлаш каби маҳалла аҳолиси учун муҳим бўлган инфратузилма объектларига қаратилди. Хусусан, Булоқбоши туманидаги Сойбўйи ва Ёрбоши ҳамда Марҳамат тумани Қорабоғиш МФЙларида ички йўлларни асфальтлаш, Марҳаматдаги Тош йўли МФЙда эса ичимлик суви таъминотини яхшилаш (янги сув тизимлари тортиш ва сув қудуқларини қазиш) сублойиҳалари аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан танлаб олинди. Агарда ажратилган маблағлар энг муҳим деб топилган сублойиҳадан ортиб қолса, иккинчи даражали муҳим бўлган сублойиҳани амалга ошириш учун йўналтирилади.

Маҳаллаларга маблағларни йўналтиришда ҳамма ўзига хос усулдан фойдаланилган бўлиб, маҳаллада доимий яшовчи ҳар бир фуқаро учун 124 АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратилиши белгиланган. Жумладан, Булоқбоши туманидаги Сойбўйи МФЙга 389 484, Ёрбоши МФЙга 390 600, Марҳамат туманидаги Тош йўли МФЙга 344 845, Қорабоғиш МФЙга эса 276 520 АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилди. 

Фото: «Ridp.uz»

Лойиҳанинг асосий мақсади — МФЙларнинг инфратузилмасини ривожлантириш баробарида фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда иштирокини таъминлаш, ўзини ўзи бошқариш институти фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувни амалга ошириш бўйича салоҳиятини кўтариш ҳисобланади.

Аҳамиятли жиҳати, лойиҳа танлаб олинган МФЙларда «қуйидан юқорига» тамойили асосида амалга оширилиб, махсус тайёргарликдан ўтган қишлоқ фасилитаторлари ҳамда муҳандислари гуруҳлари МФЙ фуқароларини салоҳиятини ошириш ва ҳудуд инфратузилмасидаги бўшлиқларни тўлдириш бўйича тренинглар олиб боради. МФЙлардан танлаб олинган вакиллар ўз МФЙлари инфратузилмасидаги бўшлиқларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича кўплаб сублойиҳаларни шакллантирадилар ва улар орасида энг муҳимини кетма-кетлик асосида танлайдилар. Умумий қилиб айтганда, барча муҳим масалалар маҳалла аҳли томонидан ҳал этилади ва ишлар маҳалла вакилларидан иборат мониторинг гуруҳи томонидан назорат қилиб борилади.