Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Навоий вилоятига ташрифи давомида 2 йил аввал «Толибон» ҳаракати билан олиб борилган музокаралар ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, давлат раҳбари бундан 2 йил аввал толиблар билан музокаралар олиб борган ва бунга ҳамма ҳайрон бўлган.

«Афғонистондаги вазиятни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Қўшни танланмайди, қўшнимизда вазият ёмон, деб қаергадир кўчиб кета олмаймиз-ку. Бундан 2 йил аввал мен ‘Толибон’ раҳбарияти билан музокаралар олиб борганимда ҳамма ҳайрон бўлганди. Лекин бугунги кунга келиб тўғри йўл танлаганимиз маълум бўлди. Мен тинчлик бўлиши, жафокаш афғон халқига ҳам енгиллик бўлиши учун аввалги раҳбарияти билан бир йилда 6 марталаб учрашдим, гаплашдим.

Албатта, ҳамма давлат раҳбари биринчи навбатда ўз давлати ҳақида ўйлайди. Мен ҳам биринчи навбатда ўз халқимни ўйлашга мажбурман, менга кафолатланган тинчлик керак. Бирорта ўқ отилмайдиган, барча масалалар музокаралар билан ҳал бўладиган тизим керак», — дейди Президент. 

Аввалроқ Президент Афғонистон билан чегарадаги ҳолат ҳақида фикр билдирганди.