Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Навоий шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, марказ Президентнинг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Бу ерда меҳнат бозори талаблари асосида хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва техника соҳалардаги ўттизга яқин касбга тайёрлаш йўлга қўйилган. Ўқув ва машғулот хоналари тегишли ускуна, компьютер, муляж ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

Президент ташриф давомида марказдаги машғулотларни кўздан кечирган ва ёшлар билан суҳбатлашган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ишсиз фуқароларимизни касб-ҳунарли қилиб, ҳаётга йўлланма бериш учун мана шундай шароитларни ташкил қиляпмиз. Бундан унумли фойдаланиб, касбни яхши ўргансангиз, сизлар иш эмас, иш сизларни излайди, даромадингиз юқори бўлади. Неча ёшга киришидан қатъи назар, ўқиган, изланган, касб эгаллаган одам қадрли бўлади. Мен сизларнинг шундай қадрли бўлишингизни истайман», — деган Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, мамлакат раҳбари иқтисодиёт тармоқларида малакали мутахассисларга талаб ошиб бораётгани, бу ерда ўқиган ёшлар келгусида ишга олинишини қайд этган. «Жуда катта-катта корхоналар қуряпмиз, кўпида чет элдан келган мутахассислар ишлаяпти. Бизнинг мақсадимиз — ўзимизнинг ёшларни ишлатиш, халқимизга ойлик бериш. Бунинг учун вақтни бекор ўтказмай, ўзларингни ҳам, устозларингни ҳам қийнаб, касбни мукаммал эгаллашингиз керак», — деб қўшимча қилган Президент.

Қайд этилишича, муассаса давлат-хусусий шериклик тизимида ишлайди. Давлат шароит яратиб, илмий ва моддий жиҳатдан таъминлайди. Машғулотларни амалиётчилар, тадбиркорлар, заводлар вакиллари олиб боради ва кейинчалик битирувчиларни ишга олади. Мономарказ дипломи касб-ҳунар мактаблари дипломи билан бир хил даражага эга бўлади. Шунингдек, марказда инглиз, рус, япон, корейс тилларини ўқитиш курслари ҳам очилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бухорода «Заковат»нинг гранд финалига ташриф буюрганди. Шунингдек, Президент Қоракўл туманидаги хонадонда меҳмон бўлган.