Сирдарё вилояти Гулистон туманида 13 октябрь куни фуқаро Б.С. ўзининг беш кунлик чақалоғини 5 минг долларга сотаётган пайтда ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят-қидирув бўлими ҳамда ТЭҚКБ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Гулистон шаҳар ҳудудида тадбир ўтказилган. Унда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро Б.С. 8 октябрь куни туғилган фарзандини 5000 доллар эвазига сотган вақтда ушланди ва ундан кимёвий ишлов берилган пуллар далилий ашё сифатида олинган.

Маълум бўлишича, фуқаро Б.С.нинг вояга етмаган фарзанди Сирдарё вилояти Болалар уйига топширилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 8 ойлик ўғлини 10 минг долларга сотган аёлга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоийда 3 ёшли фарзандини сотмоқчи бўлган аёл қўлга олингани хабар қилинган.