«Толибон» ҳаракати мамлакатдаги қаршилик кучлари жойлашган Панжшер водийсига қўшимча ҳарбий қуроллар жўнатди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Маълум қилинишича, ўқ-дори билан тўлдирилган ҳарбий автомобиллар Панжшер водийсига Хенж ҳудудидан олиб ўтилган. Хенж ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ҳаракат ҳар куни ҳудуддан ўқ-дори ва бошқа ҳарбий юкка тўла 100 та машина билан ўтмоқда.

 Фото: «Aamaj News»

Маълумот ўрнида, Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракатининг аҳоли пунктларидан бирига қилган ҳужумини қайтариб, ҳаракатга жиддий зарба берганди.

«1ТVNews» телеканалининг собиқ ходими Мужоҳид Андоробийнинг қаршилик кучлари қўмондони Ғанига таяниб, маълум қилишича, тўқнашувда 15 нафар «Толибон» ҳаракати аъзоси ўлдирилган, 10 нафари эса асирга олинган.

Қайд этилишича, икки томон ўртасидаги тўқнашув Андароб водийсининг Хож аҳоли пунктида юз берган. Хож тоғли ҳудуд бўлгани боис қаршилик кучларига уни ҳимоя қилиш учун катта имконият яратган.

Аввалроқ Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракати қўмондонларидан бирига қарши «ов» эълон қилганди. Шунингдек, уларнинг айни пайтда нима билан шуғулланаётгани кўрсатилганди.