Хоразм вилояти Хива шаҳрида 13 октябрь куни озиқ-овқат савдо расталари ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, соат 00:52 да шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими навбатчилик қисмига Сангар маҳалласи Элобод кўчасида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Зудлик билан воқеа жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари йўналтирилган.

Содир бўлган ёнғин жойига соат 01:03 атрофида етиб борилиб, 01:34 да ўраб олиниб, 02:13 да ўчирилган. Аниқланишича, 9 та вақтинчалик ёйма типдаги 100 метр/квадрат майдонда озиқ-овқат савдо растаси ёнган. Ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. 

ФВБнинг маълумот беришича, тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин содир бўлган жойгача масофа 9 километр ҳисобланади.

Аввалроқ Тошкент вилоятидаги мебель цехида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижондаги ветеринария дорихонасида ёнғин содир бўлгани хабар қилинган.