Ўзбекистон Президенти сайловига 10 кун қолди. Бу орада сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти авжига чиқди. Ҳар бир номзод вилоятлардаги сайловчилар билан учрашиб чиқмоқда. Хўш, уларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари қандай кетмоқда? Сайловчилар қандай фикрда? Партияларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги қандай? Шу ва шу каби саволларга сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Рустам Рашидов жавоб беради.

Фото: «Bugun.uz»

Номзодларнинг сайловолди дастурида илгари сураётган ғоялари ҳақида

«Миллий тикланиш» демократик партияси номзоди Алишер Қодиров педагогика тўла равишда давлат тасарруфида бўлишини ва олий таълим тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидламоқда. Бу борада сайловчиларнинг маълум бир қисми номзод билан ҳамфикр бўлмоқда.

Фото: Халқаро пресс клуб

Алишер Қодировнинг фикрича, «бўлажак педагогларни руҳий тестдан ўтказиш керак. У болани яхши кўрадими, йўқми, билишимиз зарур. Сурхондарёда бўлгани каби йиғлайверган болани қўрқитиш учун пичоқ кўрсатмайдиган, Қашқадарёда бўлгани каби жаҳли чиқиб қолган пайтда болани уриб, кўр қилиб қўймайдиган, дарс қилиб келмагани учун сева оладиган инсонларни саралаб олишимиз лозим».

Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисова аҳолини кам таъминланган қатламига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш масаласини кўтармоқа. У, бундан ташқари, ушбу қатламни икки бараварга қисқартириш бўйича самарали ишларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ҳамда солиқ имтиёзлари қўллашни илгари сурмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон Экологик партияси номзоди Нарзулло Обломуродовнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари чоғида асосий урғу сайловолди дастуридан жой олган «яшил» иқтисодиётни барпо этиш масалаларига қаратилди.

Фото: «Газета.uz»

Аммо сайловчилар ушбу номзоднинг фаолиятига, хусусан, атроф-муҳитга қарши жиноятларга, айниқса, дарахтларнинг кўплаб кесилиши билан боғлиқ масалаларга мутлақо бефарқлигига танқидий баҳо бермоқда. У, хусусан, Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашув чоғида мактаб таьлимини ривожлантириш ва таълим сифатини янада ошириш тарафдори экани ҳақида атрофлича фикр юритди.

«Адолат» социал демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловолди учрашувлари чоғида жамиятда хотин-қизларнинг ролини ошириш ҳамда ёш авлодни етук ва билимли қилиб тарбиялаш масаласига алоҳида тўхталди. Хусусан, у ҳам Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашув чоғида мактаб таьлимини ривожлантириш ва таълим сифатини янада ошириш тарафдори экани ҳақида атрофлича фикр юритди.

Фото: «Bugun.uz»

Бундан ташқари, «Адолат» номзоди мамлакатда юзага келган экологик муаммоларга нисбатан Ўзбекистон экологик партиясининг бефарқлиги, мазкур муаммоларга нисбатан ўзининг фаол партиявий позициясини кўрсатмаётганини ҳам танқид қилиб ўтди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан бошқа номзодларнинг сайловолди ташвиқотидаги умумий ёндашувлари сайловчилар томонидан салбий баҳоланмоқда. Энди бевосита ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури ҳақида.

Сайловчилар Шавкат Мирзиёевнинг биринчи президентлик давридаги ютуқларини ижобий баҳолаб, арзон ва сифатли уй-жой етишмаслиги, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда шу каби муаммоларнинг ечими масаласида қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Ушбу янгиланишларнинг ривожланиш динамикасини сақлаб қолиш ва давом эттириш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Номзод қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда «Мен Қашқадарё тўғрисида ўйлаганимда, бугунги учрашувга тайёргарлик кўрганимда, мени энг кўп қийнайдиган масала — бу ҳудуд аҳолисига муносиб ҳаёт, тўкин дастурхон ва доимий даромад манбаларини таъминлаб бериш», — дея таъкидлади.

Шунингдек, «жорий йилдан бошлаб, ʼБоғдод тажрибасиʼ асосида уйлар, саноат корхоналари ва ижтимоий инфратузилмани ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади», — дея таъкидланди.

Номзодлар сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларининг ижтимоий тармоқларда ёритилиши ҳақида

Президентликка номзодларнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши билан бир қаторда виртуал майдонда ҳам анча фаол ёритилаётгани ва ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётганини жорий сайловларнинг ўзига хос янгиликларидан бири деб ҳисоблаш мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Уларнинг сайловолди учрашуви, партияларнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари сиёсий партияларнинг расмий сайти ҳамда Telegram, Facebook, YouTube каби ижтимоий тармоқларда сайловолди тадбирлар фото, видео ва матн шаклида батафсил ёритилмоқда. Ўтган ҳафта мобайнида маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқларни кузатиб бориш, уларнинг контентини таҳлил қилиш натижасида, айтиш мумкинки, сайлов жараёнларига боғлиқ «Миллий тикланиш» демократик партиясига тегишли 2890 та, «Адолат» социал-демократик партиясига тегишли 200 га яқин, Халқ демократик партиясига тегишли 200 дан ортиқ, Экологик партияга тегишли 489 та ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига тегишли 6500 дан ортиқ турли материал ва чиқишлар тайёрланган ва тарқатилган.

Хулоса

Юқоридаги фикрларга хулоса қилган ҳолда барча номзодларнинг жойларда сайловчилар билан учрашув жараёнларини кузатиш орқали айтиш мумкинки, мамлакатимизда сайловолди кампанияси юқори суръатда олиб борилмоқда. Сайловлар жараёнида партиялараро баҳслар қаторида номзодлар ўртасида ҳам баҳс-мунозаралар, ўзаро репликаларнинг намоён бўлаётгани сайловолди жараёнида ҳақиқий кураш кетаётганлигини билдиради.

Сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, шу жумладан, сиёсий партия номзодлари ва сайловчиларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятига муносиб позиция намоён этишига ишонамиз.

Рустам Рашидов, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент