16:38 | 14.10.21 66

Афғонистонда «Толибон» ҳаракатига қарши теракт содир этилди

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар бор

Афғонистоннинг Кунар вилояти маркази Асадобод шаҳрида 14 октябрь куни портлаш содир бўлди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, ҳодисага қўлда ясалган портловчи қурилманинг портлаши сабаб бўлган. Тахминларга кўра, ташкилотчилар «Толибон» ҳаракати жангчиларига ҳужум қилиш мақсадида теракт уюштирган. Қурилма толиблар бўлган машина  кўприкдан ўтаётганда ишга туширилган.

Таъкидланишича, ҳодиса сабабли 11 киши тан жароҳати олган ва Кунар вилоятининг Шайтал-ва-Шинтан туман полиция бўлими бошлиғи ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида толиблар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Маълумот ўрнида, Афғонистондаги масжид 8 октябрь куни жума намози пайтида портлатилганди. Маҳаллий хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш хизматларининг маълумотларига кўра, портлашда 43 киши ҳалок бўлган, 140 киши жароҳатланган. БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси ҳодисага ИШИД сабабчи эканини қайд этган. 

Аввалроқ Кобулдаги «EID Gah» (Ҳайит байрами) масжиди яқинида бомба портлатилганди. Шунингдек, Кобулда кучли портлаш содир бўлганди.