Британия шаҳзодаси Уильям миллиардерлардан Илон Маск, Жефф Безос ва Ричард Брэнсонни космосдаги пойгаси учун танқид қилди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «The Times»

Кембриж герцогининг сўзларига кўра, миллиардерлар космосга эмас, балки Ерни қутқаришга эътибор қаратиши лозим. «Бизга буюк ақл эгалари Ердан бошқа яшаш жойини излаш учун керак эмас», — деган у. Шунингдек, шахзода миллиардерларнинг космик рақобати Ердаги муҳим муаммоларни ҳал қилишдан чалғитишини қайд этган.

Таъкидланишича, Уильямнинг мурожаатига Маскнинг Марсга бориши ва Безоснинг июль ойида ўзининг биринчи космик парвозини «бизнинг болаларимиз ва уларнинг фарзандлари келажакни қуриши учун» деб атагани сабаб бўлган.

Ўз навбатида, шаҳзода Уильям иқлим инқирозига қарши курашда қирол оиласининг тўртинчи авлодига ишонмаслик кераклигини таъкидлаган, чунки ўша пайтга қадар бирор нарсани тузатишга кеч бўлиши мумкинлигини айтган. «Агар менинг катта ўғлим шаҳзода Жорж мендек бу муаммолар ҳақида 30 йилдан кейин айтса, бу мутлақо фалокат бўлади. Чунки биз кеч қолган бўламиз», — деган у.

Аввалроқ Елизавета II биринчи марта омма олдига ҳассада чиққани ва қироллик тахтига кимни тайёрлаётгани маълум қилинганди.