Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари ўртасида 15 октябрь куни музокаралар бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Музокаралар Термиз чегарасида ўтказилиши айтиляпти.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда кун тартибига савдо-иқтисодий характердаги музокара киритилган. Жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ўсишидаги тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар қурилиш лойиҳаларини ишга туширишга эътибор қаратилади.

«UzAuto Motors» харидорларга янги 4-позициядаги «Cobalt»ни иситиш ўриндиғи модулисиз таклиф этяпти.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, яримўтказгичларнинг глобал танқислиги бутун дунё автомобиль саноатига, шунингдек, «UzAuto Motors» компаниясига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Юзлаб тайёр «Chevrolet Cobalt» автомобиллари завод автотураргоҳида қолиб кетган. Юзага келган ҳолатдан келиб чиқиб, «UzAuto Motors» компанияси яқин орада 4-позиция «Chevrolet Cobalt»ни кутаётган мижозларга автомобилни иситиш ўриндиғи модулисиз таклиф қилади. Ушбу комплектация 1 миллион сўмни ташкил этади. Шунингдек, уларнинг нархи автомобилнинг умумий нархидан олиб ташланади.

Электротехника тармоғи корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун 2022 йилдан бошлаб ҳар йил учун 10 миллион доллар миқдоридаги маблағ ажратиш таклифи берилди.

Фото: «Bugun.uz»

2021 йилнинг I, II ва III чорагида тенг улушда 75 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади, кейинги йилларда эса бюджет параметрида бу мақсадлар учун маблағ назарда тутилади. Бундан ташқари, жамғарма маблағи электротехника саноати тармоғи ташкилотларининг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини, бироқ битта ҳолат бўйича эквиваленти 10 минг доллардан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга йўналтирилади.

Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатлар маҳсулот туридан келиб чиқиб, экспорт қилувчи тармоқ ташкилотлари (экспорт қийматининг 6 фоизигача) қоплайдиган юқори қўшилган қийматли мис маҳсулоти рўйхати тасдиқланган.

Ўзбекистонда қанча аёл ва эркак яшаши маълум қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистонда эркаклар сони кўп. Шунингдек, охирги йилларда ўғил болалар туғилиши кўпайган. Айнан шунинг ҳисобига республикада аёллар сонига нисбатан эркаклар сони ошган.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумотларга қараганда, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони 35 миллион 79 минг 190 киши бўлиб, бундан 17 миллион 432 минг 730 нафарини аёллар, 17 миллион 646 минг 460 нафарини эса эркаклар ташкил этади. Шунга кўра, эркаклар сони аёлларга қараганда 213 минг 730 нафарга кўп.

Андижон шаҳрида 13 октябрь куни бўлиб ўтган сайловолди учрашувида президентликка номзод Алишер Қодиров меҳнат мигрантларига оид кескин таклифни билдириб ўтди.

Маълум бўлишича, «Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодиров меҳнат мигрантларини солиқ тўламаётган шахслар деб атаб, уларнинг даромадларини солиққа тортишни таклиф қилган.

«Мамлакат тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда ҳам муҳим. Нима учун бизда бугун мигрантлар хорижга чиқиб, топган даромадидан солиқ тўламаслиги керак? Ўзбекистоннинг тараққиёти учун, келинглар, солиқ тўлайлик. Биз фақатгина ҳозир мигрантларнинг ишлаётган жойидан оиласига жўнатган пулини ҳисоб-китоб қилсак, шунча пул айланганини кўрамиз. Бу ҳам яхши, албатта. Пул келяпти.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Лекин бу сизнинг оилангизга жўнатилган пул, ундан солиқ тўланаётгани йўқ ва бу пул мамлакат тараққиёти учун ишлатилмаяпти. Шу сабабли мен таклиф қилган бўлардим: янада ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўз солиғини мамлакат тараққиёти учун тўласин», — дейди президентликка номзод.

Хўш, оламда нима гап?

«Толибон» вакиллари Термизга музокаралар учун отланган бир пайтда Афғонистоннинг Кунар вилояти маркази Асадобод шаҳрида 14 октябрь куни портлаш содир бўлди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, ҳодисага қўлда ясалган портловчи қурилманинг портлаши сабаб бўлган. Тахминларга кўра, ташкилотчилар «Толибон» ҳаракати жангчиларига ҳужум қилиш мақсадида теракт уюштирган. Қурилма толиблар бўлган машина кўприкдан ўтаётганда ишга туширилган.

Таъкидланишича, ҳодиса сабабли 11 киши тан жароҳати олган ва Кунар вилоятининг Шайтал-ва-Шинтан туман полиция бўлими бошлиғи ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида толиблар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Бу хабарни жаҳонда содир бўлди, дейишга мажбурмиз. Россияда Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари еттита вилоятда махсус операция ўтказиб, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» террористик ташкилотини молиялаштирган 14 кишини қўлга олди.

Кадр: «РЕН ТВ»

Маълум қилинишича, қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқароси Руслан Ҳатамжон ўғли Ҳасанжонов ҳам бўлган. У 2019 йилда Москва ҳудудида яшаган, кейин Туркия орқали Сурияга бориб, у ерда гуруҳга бўйсунган жангариларга қўшилган.

Таъкидланишича, жиноятчиликда айбланаётганлар Москва, Доғистон, Хабаровск ўлкаси, Курган, Пенза, Ульяновск ва Самара вилоятларида қўлга олинган. Россияда уларга нисбатан Террорчилик фаолиятига ёрдам бериш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.