Ички ишлар вазирлиги Олмалиқ шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида қўшнилар ўртасида келиб чиққан жанжални миллатчилик сифатида ёритган нашрларга мурожаат қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, айрим хорижий ва маҳаллий интернет-оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда яшовчи рус тилида сўзлашувчилар билан боғлиқ миллатчилик мавзусини бўрттириб кўрсатиш давом этмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 16 июнь куни Олмалиқ шаҳрида кичик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида қўшнилар ўртасида жанжал келиб чиққан. Томонларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 52-моддалари (Енгил тан жароҳати етказиш) бўйича тегишли чоралар кўрилиб, материаллар судга юборилган. Бироқ шу пайтгача можарода иштирок этган томонлардан бири (тарқатилган видео қаҳрамонлари) судга келмаган.

«Айтиш жоизки, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар яшайди. Рус тилида сўзлашувчи аҳоли кўпчиликни ташкил этади. Миллиятчилик характеридаги ғаразли материалларнинг нашр этилиши ва тарқатилиши эса ўзига ҳамда бу миллат ва элат вакилларига ҳурматсизлик намойиши ҳисобланади», дейилади хабарда.

Аввалроқ ИИВ икки оила жанжалини миллатлараро низо сифатида кўрсатмоқчи бўлганларни огоҳлантирганди. Шунингдек, Тошкентда болалар ўртасидаги келишмовчилик сабаб 35 ёшли эркак 11 ёшли болани ургани маълум қилинган.