АОКАда 14 октябрь куни бўлиб ўтган Мактабгача таълим вазирлиги мутассаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида 2021 йилнинг 9 ойида тизимда 5,5 миллиард сўм маблағ талон-торож этилишидан сақлаб қолингани айтилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

«Bugun.uz»

Маълум қилинишича, вазирлик ички аудит хизмати томонидан 2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида жами 282 та назорат тадбири ўтказилган. Профилактика натижасида 5,5 миллиард сўмлик маблағ ва товарлар талон-торож бўлишининг олди олинган.

Келтирилишича, Андижон вилояти 9 та туман-шаҳарларида 2,8 миллиард сўмлик мебел жихозлар бухгалтерия балансига кирим қилинмаган. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 2021 йилнинг январь ойида харид қилинган мебел жихозлари 5 ойдан буён кирим қилинмай келаётгани аниқланган. Навоий вилояти Хатирчи тумани Мактабгача таътим бошқармаси томонидан таъминотчига озиқ-овқат махсулоти тўлиқ олинмаган бўлса-да, 100 фоиз пулни ўтказиб бериши оқибатида 152 миллион сўм дебитор қарздорлик юзага келган, шунингдек, бошқа вилоятларда ҳам шу каби қонунбузарликлар кузатилган.

Таъкидланишича, давлат харид қонунчилиги талабларига зид амалга оширилган харидлар 10,5 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўлов ҳамда товар моддий бойликларидан 6,6 миллиард сўм камомад ва ноқонуний ўзлаштириш холатлари аниқлангани айтилди. Шундан ишламайдиган ходимлар номига ёзилган иш хақи 2,4 миллиард сўмни ташкил этгани келтирилди.

Текширувлар натижасида 9 ойда жами 265 та тўпланган хужжат ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилгани таъкидланди.

Аввалроқ Самарқандда боғча мансабдорлари ярим миллиард сўмдан ортиқ пулни талон-торож қилгани айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда қанча хусусий боғча битим мажбуриятини бажармагани очиқланганди.