Наманган вилоятида машинасини турли қўшимча воситалар билан жиҳозлаб, буни TikTok орқали намойиш қилган ҳайдовчига нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @namvilhok 

Маълум қилинишича, фуқаро машинасини турли хил қўшимча жиҳозлар, товуш чиқарувчи мосламалар ва милтилловчи чироқлар (мигалкалар) билан жиҳозлаб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддасида (Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш) кўрсатилган қоидабузарликни содир этган. 

Қайд этилишича, вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан видеотасвирдаги ҳолат ўрганилган ва ушбу автомобиль ҳайдовчиси қидириб топилган. Фуқаронинг қўшимча жиҳозлар ишқобози экани инобатга олинган ҳолда автомобили махсус жиҳоз ўрнатилган хизмат автомобилида жарима майдонига олиб борилган. Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юборилган.

«Жиҳозларни бир-икки соатга қўйгандим. Бу ишни ёшлигимга бориб содир этдим. Бошқа қайтарилмайди. Буни TikTok‘да машҳур бўлиш учун қилгандим. Кечиринглар», — деган фуқаро.

Аввалроқ Тошкентда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган тиктокерларга чора кўрилганди. Шунингдек, Бухорода ТikTokʼка видео жойлаш учун қоидабузарлик содир этган ҳайдовчига чора кўрилгани ва машинасида дрифт қилган ҳайдовчи жазолангани хабар қилинган.