АҚШ Ўзбекистонда терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштиришни муҳокама қилиш учун октябрь ойида мамлакатга келиши айтилганди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Баҳром Зулфиқоров Пентагон делегациясининг ташрифи тўғрисида расмий сўров келиб тушмаганини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Келтирилишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари октябрь ойида Ўзбекистонга қиладиган ташриф чоғида АҚШнинг терроризмга қарши кураш бўйича кучларини жойлаштириш имкониятини муҳокама қилишни режалаштирган.

«Пентагон расмийлари октябрь ойида Ўзбекистонга амалдаги хавфсизлик бўйича ҳамкорлик ишларини муҳокама қилиш учун ташриф буюради. Кун тартибидаги энг муҳим масала ‘горизонтортиʼ терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштириш имкониятини муҳокама қилиш бўлади. Бу АҚШ армиясининг кузатуви ва Афғонистондаги мўлжалларга зарба беришини енгиллаштиради», дейилади «Politico» берган хабарда.

«Менга кўра, Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШнинг аксилтеррор кучларини жойлаштириш таклифини олмаган ва буни режалаштирмаган, чунки бу конституция билан тақиқланган ва мамлакатимиз мудофаа доктринасида кўзда тутилмаган», — деган Баҳром Зулфиқоров.

Шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам журналистларга мазкур масала муҳокама қилинмаётганини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мамлакат қонунчилигига кўра ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга рухсат бермаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Аввалроқ Афғонистоннинг Марказий Осиёга хавф солувчи иккита таҳдиди маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон БМТ билан афғон қочқинлари бўйича музокара ўтказмаётгани ҳақида хабар берилган.