Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари ўртасида 15 октябрь куни музокаралар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бу ҳақда музокара иштирокчиларидан бирининг нутқига таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, томонлар ўртасидаги музокара Термиз чегарасида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Учрашувда кун тартибига савдо-иқтисодий характердаги музокара киритилган. Жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ўсишидаги тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар қурилиш лойиҳаларини ишга туширишга эътибор қаратилади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 7 октябрь куни Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари билан музокара ўтказганди. Учрашув якунида яқин орада Термиз шаҳрида қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилганди.

Аввалроқ БМТ Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам етказиб бериши маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракатининг Афғонистон билан боғлиқ янги режаси очиқланган.