Халқ таълими вазирлиги 8–9 октябрь кунлари сабабсиз дарс қолдираётган мактаб ўқувчиларини аниқлаш мақсадида рейд тадбирлари ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, рейд ўқувчларнинг назоратсиз қолиши ва содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, дарс жараёнида ўқишга бормасдан, бемақсад юрган вояга етмаганларни аниқлаш, уларни ўқишга қайтариш ва давоматни яхшилаш мақсадида ўтказилган. Тадбирлар «Тиғ» ва «Давомат» деб номланган.

Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган рейд давомида дарсларни сабабсиз қолдирган 2832 нафар ўқувчи аниқланган. Шулардан, 439 нафари дарс вақтида интернет-кафеда, 68 нафари тунги интернет клубда бўлган. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг 338 нафари бозорларда савдо-сотиқ ва аравакашлик, 39 нафари дайдилик, 15 нафари эса жамоат транспортида чиптачилик фаолияти билан шуғулланиб юргани қайд этилган.

Шу билан бирга ота-оналар назорати ва қаровисиз қолган 1542 нафар ўқувчи аниқланиб, улар таълим олиши учун махсус мактаб-интернатларга жойлаштирилган. Рейд натижасида сабабсиз дарсларда қатнашмаётган, назоратсиз қолгани аниқланган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларининг йиғилишларига жалб этилиб, мазкур ҳолатлар муҳокама қилинган.

Аввалроқ халқ таълими вазири Қашқадарёда мактаб ўқувчилари полда дарс ўтаётганига муносабат билдирганди. Шунингдек, Тошкентдаги қанча мактаб Face ID электрон рўйхатга олиш тизимига улангани очиқланган.