Янгиликлар - 20:18 · 14.10.2021

Ўзбекистонда 90 ёшли беморда мураккаб кардиохирургик амалиёт ўтказилди

Ўзбекистонда биринчи марта 90 ёшли беморда мураккаб кардиохирургик амалиёт ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, бу ноёб амалиёт тиббий кўрсатмага мувофиқ, шошилинч равишда Тошкентдаги замонавий клиникалардан бирида муваффақиятли ўтказилган. Таъкидланишича, бундай операциялар Япония ва Германия каби давлатларда ҳам камдан-кам ўтказилади. Айтилишича, амалиётни Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ишлаб келган ва 2017 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифи асосида Ўзбекистонга қайтган малакали кардиохирург, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков ўтказган. Бемор эса Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи 90 ёшли Ёқуб Маҳмудов бўлган. Таъкидланишича, у кўп йиллардан бери гипертония ва юрак ишемик касалликларидан азият чекиб келган. Шунингдек, бемор инфарктни бошдан ўтказган.

«Юрак операцияси чоғида фавқулодда буйрак, жигар, мия ва бошқа аъзолар хуруж қилиб қолиши мумкин. Шу сабабли Ўзбекистонда яқин йилларгача бундай ҳолатдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Энди эса нафақат пойтахт, балки қатор вилоятлар марказларида ҳам шундай мураккаб операцияларни ўтказяпмиз», — деган профессор.

«Сўнгги пайтларда кунига икки марталаб тез ёрдам чақиришимизга ҳам тўғри келганди. Юрагимни кучли санчиқ безовта қила бошлагач, ўғлим шу ерга олиб келди. Мана, кўриб турганингиздек тетикман, кайфиятим ҳам аъло. Операциянинг эртаси куниёқ ҳолатим яхшиланди», — деган бемор.

Аввалроқ Ўзбекистонда Марказий Осиёда ягона даволаш бўлими ишга туширилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилиши айтилган.