Ўзбекистонда ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслар нархлари ой давомида ўртача 1,4 фоизга ошди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумотларга кўра, сентябрь ойида ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслар нархлари август ойига нисбатан ўртача 1,4 фоизга қимматлашган. Мазкур кўрсаткич сентябрь ойида йил бошидан буён ўртача 0,1 фоизга арзонлашган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг ҳайдовчиликка тайёрлаш курсларида ўқиш харажатлари компенсация қилиниши айтилган. Бу ўзгариш «Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорида (617-сон, 2021 йил 4 октябрь) назарда тутилган. Қарор билан Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйларида тарбияланган ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлашга доир 2 та вақтинчалик тартиблар тасдиқланган.

Улар ёшларга автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ўқиш харажатларини компенсация қилиш ҳамда уларни сафарбарлик чақирувчи резервидаги хизматни ўташ бадалини қоплаш бўйича экани айтилган. Дастлабки тартиб бўйича бундай ёшларнинг ҳайдовчиликка тайёрлаш курсларида ўқиш харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача компенсация берилиши айтилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳайдовчиларга ЙТҲ бўйича ИИБ ходимисиз хабарнома тузишга рухсат берилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда хайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олишдаги саволлар йўл ҳаракати қоидаларига зид экани айтилган.