Ўзбекистонда 13–14 октябрь кунлари «Энг яхши профилактика инспектори» кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 август кунидаги «Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 539-сон қарорига асосан «Энг яхши профилактика инспектори» кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилади. Унда ҳудудий босқичда тажрибаси, чуқур назарий ва кўп йиллик амалий тажрибасига эгалигини кўрсатган ҳодимлар иштирок этади. Танловнинг бу босқичига ҳудудий танловда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган жами 42 нафар профилактика инспекторлари қатнашади. Республика босқичи 2021 йилнинг 13–14 октябрь кунлари ўтказилиш режалаштирилган.

Кўрик-танловнинг республика босқичини ўтказиш дастурида иштирокчилар 4 турдаги синовлардан ўтади:

  • жисмоний тайёргарлик бўйича синовлар;
  • Ўқ отиш бўйича синовлар;
  • Иштирокчиларидан назарий билим даражалари, интелектуал ва индивидуал психологик даражаларини аниқлаш бўйича республика комиссия аъзолари томонидан тасдиқланган тест синовларини;
  • Энг яхши профилактика инспектори кўрик-танлов иштирокчиларининг 
    назарий билимларини аниқлаш мақсадида савол-жавоб шаклида суҳбат.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги тизимидаги қатор ходимларга полковник унвони берилганди. Шунингдек, вазирлиги тизимида тайинловлар амалга оширилгани хабар қилинган.