Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 14 октябрь куни юк машинаси ва 2 та енгил автомобиль иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, шу куни соат 10:30 атрофида Қарши–Шаҳрисабз йўлида ҳайдовчи Ж.З. бошқарувидаги қум ортилган «Howo» юк машинаси ағдарилиб кетган. Оқибатда юк машинаси ҳамда ҳайдовчи Э.А. бошқарувида бўлган «Nexia» ва ҳайдовчи Х.М. бошқарувидаги «Spark» автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Транспорт воситаларига зарар етган. Ҳолат юзасидан вилоят ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёда «Cobalt» уриб юборган «Matiz» ағдарилиб кетгани ва Қамчиқ довонида «тормоз»и бузилган юк машинаси ағдарилгани хабар қилинган. Шунингдек, Жиззахда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб юк машинаси ағдарилиб кетганди.