Келинг, бугунги рейтингимизда стартаплар ҳақида гаплашамиз. Хўш, стартап ўзи нима? Бу тушунча қандай маънони англатади? Биласизми, бизнеснинг исталган тури стартап бўлиши мумкин, унинг асосий хусусияти бозорга аввал фойдаланилмаган услубда (қонун билан тақиқланмаган) товар ёки хизматлар тақдим этиш билан ифодаланади.

Ўзбекистоннинг энг машҳур стартапчилари кимлар ва уларнинг янгиликлари нимада? Мақоламизда ушбу саволларга жавоб топасиз.

1. Акмал Пайзиев. «Express 24». Ресторан ва савдо нуқталаридан маҳсулотларини онлайн буюртма бериш йўли билан 24 соат давомида узлуксиз етказиб беришга йўналтирилган курьерлик лойиҳаси. Унинг махсус «express24.uz» сайти мавжуд. Бундан ташқари, стартапер яна бир «MyTaxi» лойиҳасининг ҳам муаллифидир.

Акмал Пайзиев
Фото: «Spot»

2. Музаффар Қорабоев. «Zip24». У логистика, таъминот занжирлар ва электрон тижоратга ихтисослашган «CaaC B2B» тизимидир. Штаб квартираси Дубай шаҳрида, асосий операцион базаси Тошкент шаҳрида жойлашган.

Музаффар Қорабоев
Фото: «Spot»

«‘Zip24’ маҳсулотлари билан биз мижозларимизга рақобатбардош бизнес муҳитида янада муваффақиятли ва даромадли бўлишларига имкон берамиз», — дейди бош директор Музаффар Қорабоев.

«Zip24» электрон тижорат логистика технологиясининг етакчи провайдери бўлишни мақсад қилган. Лойиҳа ходимларининг сонини кўпайтириш орқали Дубай, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) офисларини кенгайтиришни, шунингдек, 2021 йилнинг иккинчи ярмида Буюк Британияда ҳудудий офисини очишни режалаштирмоқда.

3. Рустам Ҳамдамов. «Billz». Лойиҳанинг веб-сайти «billz.uz»да унинг иштирокчилари ўзларини қуйидагича таърифлайди: «Чакана бизнес муваффақиятли ва самарали бўлишига ёрдам берадиган технологиялар устида ишлайдиган ишқибозлар жамоаси. Биз бозорда 2 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлаймиз ва жамоамизда 10 дан ортиқ киши ишлайди. Биз билан бутун Ўзбекистон бўйлаб 400 дан ортиқ дўконлар, шунингдек, Қозоғистон ва Жанубий Кореянинг бир нечта мижозлари ҳамкорлик қилади. Биз аллақачон Британия жамғармасидан сармояларни олдик ва ўсишда ҳамда орзуга интилишда давом этамиз».

«Billz» жамоаси
Фото: Жамоа архивидан

4. Шаҳзод Умирзаков. «TASS Vision». Сунъий интеллект ва махсус технологиялар асосида электрон таҳлилга ихтисослашган ушбу стартап компанияси уч турдаги хизматни кўрсатишга ихтисослашган.

«VA» — ташриф буюривчилар бўйича маълумотларни йиғиш ва тақдим қилиш. «Facehr» — юз тасвирини аниқлаш ёрдамида ходимларнинг иш вақтини кузатиш. «Heatmap» — харидорларнинг ҳаракатини таҳлил қилиш орқали энг кўп ташриф буюриладиган жойлар харитасини чизиш. Лойиҳа веб-сайти «tass-vision.uz.»да «Texnomart», «Ecobozor», «Black Bear Coffee», «Button» каби бир қанча йирик тижорий тузилмалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд қилинган.

5. Рустам Раҳматов. «Iman Invest». Лойиҳа веб-сайти «imaninvest.com»да қуйидаги сўзлар келтирилган: «Олий мақсадимиз — дунёдаги барча инсонлар иқтисодий эркинликка эришишлари учун адолатли ва шаффоф молиявий маҳсулотлардан фойдаланиш жарёнини осонлаштириш. Биз IMANʼни миллиардлаб инсонларга иқтисодий эркинлик тақдим этиш учун яратдик ва доимо янги истеъдодларни излаймиз».

Рустам Раҳматов (чапда)
Фото: Компания архивидан

Умуман, лойиҳа инвесторлар учун ишлаб чиқилган бўлиб, «Шеригимиз сифатида бугунги кунда 25 миллион сўм ва ҳар ойда атиги 3 миллион сўм сармоя киритиб, 15 йилда 1 миллион АҚШ долларидан кўпроқ даромад олишингиз мумкинлигини биласизми?» — дейди лойиҳа ташкилотчилари.

6. Улуғбек Рустамов. «Click». Интернет сайтининг ўзиёқ кунига ўртача 13 минг ташриф буюрувчини қабул қилиб оладиган мазкур лойиҳа юқоридагиларидан фарқли ўлароқ, оддий аҳоли қатлами учун ҳам анчайин таниш ва ундан мобил қурилма ишлатадиган ҳар қандай истеъмолчи бир марота бўлса ҳам фойдаланиб кўрган бўлса, ажаб эмас.

Фото: «Click»

Хуллас, «компания фаолияти етакчилик ва содиқлик принципларига асосланади. Бизнинг мақсад — ташкилотлар ва одамлар орасидаги молиявий муносабатларни имкони борича содда, ҳимояланган ва ишончли қилиш. ‘Click’ — бу одамларнинг пулдан фойдаланишларини осонлаштиришга йўналтирилган маҳсулот тури. Яъни сиз барча коммунал тўловларни, интернет, мобил алоқа ва кўплаб бошқа хизматлар учун тўловларни смартфонингиз тугмасини бир босишдаёқ амалга оширишингиз мумкин бўлади».

7. Сарвар Рузматов. «Payme». Бажарадиган вазифаси ва тузилиши жиҳатидан «Click» билан ўхшаш мазкур лойиҳа «Inspider» МЧЖга қарашли бўлиб, картадан картага пул ўтказиш, «Uzcard» картасини блок ҳолатига тушириш, яна ўша карта ёрдамида амалга оширилган барча тўловларни назорати ва таҳлили, жойларда тўловни амалга ошириш каби бир қанча хизматларни таклиф этади.

8. Беҳзод Тўхтамуродов. «InnoGroup». Компания Ўзбекистон ҳудудида ва ундан ташқарида инновацион ишланмаларни қайта ишлаш ва ҳаётга татбиқ этишга ихтисослашган. Компания қуйидаги йўналишларда иш олиб боради: аддитив технологиялар (3D принтер ва 3D сканерлар), қишлоқ хўжалиги, биоинженерия, робототехника, акселераторлик лойиҳалари, энергетика ва бошқалар.

9. Улуғбек Исматов. «INTV». Ўзбекистондаги илк онлайн телеканаллардан бири бўлган «INTV» бугун YouTube платформасида 18 минг обуначисига эга. Лойиҳа муаллифи «BeCreative Media» медиакомпаниясига ҳам раҳбарлик қилади.

Улуғбек Исматов
Фото: «Kun.uz»

Биз одатимиздан чекинган ҳолда 10-қаторни сизга қолдирдик. Режангиз борми? Ғояларга тўлиб-тошяпсизми? Уларни рўёбга чиқаринг ва рейтингимиздан ўрин эгалланг! Яна рейтинглашгунча!