Россияда Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари еттита вилоятда махсус операция ўтказиб, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» террористик ташкилотини молиялаштирган 14 кишини қўлга олди. Бу ҳақда «РЕН ТВ» хабар берди.

Кадр: «РЕН ТВ»

Маълум қилинишича, қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқароси Руслан Ҳатамжон ўғли Ҳасанжонов ҳам бўлган. У 2019 йилда Москва ҳудудида яшаган, кейин Туркия орқали Сурияга бориб, у ерда гуруҳга бўйсунган жангариларга қўшилган.

Таъкидланишича, жиноятчиликда айбланаётганлар Москва, Доғистон, Хабаровск ўлкаси, Курган, Пенза, Ульяновск ва Самара вилоятларида қўлга олинган. Россияда уларга нисбатан Террорчилик фаолиятига ёрдам бериш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Аввалроқ Россия жиноят содир этганликда гумонланган 3 кишини Ўзбекистонга топширганди. Шунингдек, Россияда халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл қўлга олингани ва ўзбекистонлик эркаклар жанжал келтириб чиқаргани маълум қилинган.