«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Волжский–Тошкент йўналишида 483-сонли йўловчи поездининг 4 та махсус рейси йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Тошкент минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Тошкент минтақавий темир йўл узели» УК ахборот хизмати

Маълум қилинишича, қатнов пандемия даврида Россияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга қайтиши учун қулайлик яратиш мақсадида йўлга қўйилмоқда. Поезд 22, 25, 29 октябрь ҳамда 1 ноябрь кунлари соат 20:57 да Волжский-Тошкент йўналишида ҳаракатини амалга оширади.

Қайд этилишича, поездга фақат бир йўналиш, яъни Волжский–Тошкент йўналишига чипталар сотилади. Чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган. Россиядаги фуқароларнинг яқинлари Ўзбекистондан туриб уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси билан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти веб-сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилиб, жўнатиши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиядан Ўзбекистонга мигрантларни ташиш учун қўшимча поезд йўлга қўйилганди. Шунингдек, Россиядан Ўзбекистонга янги авиарейс йўлга қўйилгани хабар қилинган.