Ўзбекистонда президентлик сайловига бир неча кун қолмоқда. Сайлов атрофидаги баҳс-мунозаралар тингани йўқ. Жумладан, жараён учун ажратилган бюджет маблағлари ҳам сайловчиларнинг диққат марказида бўлиб турибди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бўлим бошлиғи Муҳсин Холмуҳаммедов ўзининг Facebook саҳифасида бу йилги сайлов учун ажратилган маблағлар қандай сарфланаётгани борасида ўз фикрларини келтириб ўтди.

Фото: Facebook

Бу йилги сайлов жараёнларини юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ маблағларнинг ҳар бир сўмини ўз йўналиши ва мақсадли сарфланиши юзасидан қаттиқ назорат ўрнатилган. Сиёсий партия ва номзодларнинг мустақиллигини таъминлаш юзасидан ажратиладиган маблағлар ҳам тенг ва етарли миқдорда бўлиши таъминланган. 

Хусусан, умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга оширишга ажратиладиган маблағлар — 15 миллиард 486 миллион сўм. Бунда ҳар бир номзодга 3 миллиард 97 миллион сўмдан тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда сайлов билан боғлиқ жараёнларни молиялаштириш 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Сайлов кодексининг 17-боб, 98, 99 ва 100-моддаларида белгиланган нормалар асосида амалга оширилади. 2021 йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга 300 миллиард сўм ажратилган.

Бу маблағлар, авваламбор, ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг сайлов ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга қаратилган барча жараёнларни халқаро стандартларга мувофиқ моддий ва молиявий таъминлашга асос бўлади. Ушбу маблағларнинг асосий қисми, яъни 80 фоизга яқини сайлов жараёнларини ташкил этишда қатнашувчи ходимларнинг иш ҳақига ажратилади, яъни уларнинг меҳнати қонунийлаштирилган ва муносиб рағбатлантирилади. 

Моддий-техник таъминот жиҳатидан ҳам барча масалалар олдиндан ҳисоб-китоб асосида, яъни ҳудудлардаги мавжуд сайлов жиҳозлари ва товар моддий қийматликлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, фақат қўшимча янги жиҳозларгагина пул ажратилган. Бу йилги сайловларда информацион-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш орқали шаффофликни таъминлашга янада кўпроқ эътибор қаратилади ва, хусусан, сайловга ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан сайлов якунлари эълон қилингандан сўнг Марказий сайлов комиссиясининг веб сайти орқали ва ижтимоий тармоқларида ҳисобот берилади.

Шу билан бирга, ажратилган маблағларнинг аниқ ва манзилли сарфланиши назорат қилиб борилиши ва сайлов якунида иқтисод қилинган маблағлар давлат бюджетига қайтарилиши ҳам кўзда тутилган.

Маблағлар нималарга сарфланади?

Сметага кўра, маблағлар қуйидаги мақсадларга сарфланади:

  •  Президент сайлови бўйича 14 та округ сайлов комиссияси харажатлари учун;
  •  10 800 га яқин участка сайлов комиссиясининг ҳар бирини эҳтиёждан келиб чиқиб, давлат байроғи, давлат герби, сайлов анжомлари билан жиҳозлаш, (яширин овоз бериш кабинаси, овоз бериш қутиси) тарқатма материаллар ва бошқа товар-моддий қийматликлар билан таъминлашга;
  •  Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига жалб этиладиган қарийб 140 000 нафарга яқин комиссия аъзоларининг иш ҳақи ва компенсация тўловларига.

Бундан ташқари, сайлов бюллетенлари, таклифномаларини тайёрлаш ва сайлов участкаларигача етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари ҳам молиялаштирилади. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори белгиланган тартибда режалаштирилади. Мазкур маблағлар қуйидагича тақсимланган:

14 та округ сайлов комиссияларининг харажатлар сметасида ҳар бир округ учун қарийб 57 миллион сўмдан ҳамда ҳар бир участка сайлов комиссияси учун 12 миллион сўмга яқин миқдорида молиялаштирилади.

Округ ва участка сайлов комиссияларига ажратилган маблағлар:

  •  барча комиссия аъзоларининг иш ҳақи ва компенсация тўловлари;
  •  ягона ижтимоий тўловлар;
  •  хизмат сафари ва фельдъегерлик хизмати харажатлари;
  •  сайлов бюллетенлари ва таклифномаларни сайлов участкаларигача етказиб беришни ташкил этиш учун транспорт харажатлари;
  •  шаҳарлараро телефон алоқаси;
  •  сайлов комиссияларига пешлавҳа ва ахборот стендлари тайёрлаш харажатлари;
  •  сайлов округларида такрорий овоз бериш жараёнларини молиялаштириш.

Хулоса қилиб айтганда, Президент сайлови учун ажратилган маблағлар уни демократик тамойилларга асосланган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида ташкил этиш ва ўтказиш учун етарли бўлиб, унинг тўғри ва самарали сарфланиши устидан қонунда белгиланган тартибда назорат ўрнатилган.