Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, тадбир Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини олганидан буён ушбу интеграциявий бирлашманинг Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган учинчи саммити бўлган. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган саммитда Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи мамлакат — Куба президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашган.

Йиғилиш кун тартибидан кўп томонлама иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, савдо, саноат кооперацияси, транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиёт ва бошқа устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни илгари суриш масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида мамлакатнинг табиий савдо ва иқтисодий ҳамкорлари — Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берган. Шунингдек, пандемия шароитида мамлакатнинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бораётгани таъкидланган. Қайд этилишича, Евроосиё иқтисодий комиссияси билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган, бундан ташқари, қўшма ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлаган. Евроосиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик бўйича истиқболли лойиҳалар тайёрланаётгани маълум қилинган.

Президент савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳим эканини алоҳида қайд этиб, ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, божхона тартиботларни рақамлаштириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган. Шунингдек, Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш орқали минтақалараро қўшилган қиймат занжирларини яратишда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилган. Айтилишича, Тошкент шаҳрида ҳар йили «Иннопром – Марказий Осиё» саноат форумининг ўтказилиши бунинг учун янги имкониятлар очади.

Президент миллий иқтисодиётларнинг барқарор ривожланишида транспорт йўлаклари тармоғи ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш муҳим эканига эътибор қаратган. Давлат раҳбари Ўзбекистон томонидан Россия ва Қозоғистон билан биргаликда йўлга қўйилаётган зарур товарларни тез фурсатда ўзаро етказиб бериш бўйича «Агроэкспресс» лойиҳасига қўшилишга таклиф этган.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларининг алоҳида долзарб аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Президенти бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва қўшма ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш орқали соҳадаги ҳамкорликнинг янги нуқталарини излаш муҳим эканини таъкидлаган. Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги рақамли трансформация жараёнларида иштирок этиш, амалий тажриба алмашиш ва илғор технологияларнинг ўзаро трансферидан манфаатдор экани қайд этилган. Шунингдек, Президент экология масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш зарур эканини айтган.

Мирзиёев ҳамкор мамлакатларни Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирган ҳамда 2022 йил сентябрь ойида Нукус шаҳрида ўтказиладиган «яшил» энергетика бўйича халқаро форумга таклиф этган. Бундан ташқари, бирлашма доирасида яратилган иқлим масалалари бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилган. Ўзбекистон етакчиси сўзининг якунида саммит якунлари Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин шерикликни илгари суришга хизмат қилишига ишонч билдирган.

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида резолюция қабул қилганди. Шунингдек, Президент Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитларида иштирок этиши хабар қилинган.