Сирдарё вилоятида Мажбурий ижро бюроси ташаббуси билан 2 363 нафар алимент тўловчилар иш билан таъминланди. Бу ҳақда Бюро матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида 2021 йилнинг  9 ойида амалга оширилган ишлар бўйича матбуот анжумани ўтказган. Унда Бюронинг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.Бабатаевнинг ташкилот фаолиятига доир маълумотлар берган. Қайд этилишича, алимент ундируви билан боғлиқ ижро ишлари бўйича 9 238 нафар болаларнинг таъминоти учун 8 339 нафар қарздорлардан даврий тўловлар юзасидан ижро ҳаракатлари бошланган.

2021 йилнинг 9 ойида алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича тарафларни ўзаро яраштириш мақсадида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 553 та оила қайта тикланган. Шунингдек, алимент тўловлари бўйича 68 та ҳолатда қарздорлар томонидан болаларининг вояга етгунига қадар таъминоти пул маблағи, уй-жой, автомашина ва бошқа шаклда тўлиқ  қопланган.

Таъкидланишича, вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган  тизими  йўлга  қўйилиб, алимент ижро ҳужжатлари бўйича «МИБ-портал» дастурий таъминоти орқали ундирилган маблағларни онлайн равишда кузатиб бориш имконияти жорий этилган. Бундан ташқари алимент ундириш ҳамда ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлашга қаратилган тадбирлар натижасида вилоятда жами 2 363 нафар фуқаролар доимий ва мавсумий ишга жойлаштирилган. Шу жумладан, алимент тўловчиларни иш билан банд қилиш мақсадида ўтказилган меҳнат ярмаркаларида жами 1 135 нафар қарздорлар, доимий (мавсумий) иш билан таъминланган.

Фото: Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати

Тадбирда, соҳа ходимлари томонидан журналистларнинг саволларга жавоб берилган. Шунингдек, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш соҳасидаги тарғибот тадбирларини ёритишда кўрсатган фаол иштироки муносабати билан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳа вакиллари бошқарманинг ташаккурномаси билан тақдирланган. Улар билан ҳамкорликни янада кучайтириш хусусида келишиб олинган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида фуқарога 1 млрд сўмдан ортиқ зарар ундириб берилганди. Шунингдек, Чирчиқда бир ойда 32 та оила яраштирилган.