Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 13 октябрь куни «Nexia» автомобили «Lacetti» билан тўқнашиб, ёниб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, ЙТҲ туманнинг Нурафшон–Себзор кўчалари кесишган чорраҳада содир бўлган. Унда 1989 йилда туғилган Ш.М. бошқарувидаги «Lacetti» ҳамда 1991 йилда туғилган Д.Қ. бошқарувидаги «Nexia» тўқнашиб кетган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида «Nexia» автомобили ёниб кетган. Ҳозирда ёнғин бартараф этилган. Тўқнашув ва ёнғин оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси томонидан суриштирув ҳаракатлари бошланган.

Аввалроқ Самарқандда юк машинаси ёниб кетганди. Шунингдек, Тошкентда йўлдаги ёритиш чироғига урилган «Lacetti» ёниб кетгани хабар қилинган.