«UzAuto Motors» харидорларга янги 4-позициядаги «Cobalt»ни иситиш ўриндиғи модулисиз таклиф этди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

 Маълум қилинишича, яримўтказгичларнинг глобал танқислиги бутун дунё автомобиль саноатига, шунингдек, «UzAuto Motors» компаниясига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Юзлаб тайёр «Chevrolet Cobalt» автомобиллари завод автотураргоҳида қолиб кетган. Биргина яримўтказгич деталининг йўқлиги сабаб автомобилдаги ўриндиқни иситиш тизими ишламаслиги автомобилни эгасига топширишга тўсқинлик қилмоқда.

Қайд этилишича, юзага келган ҳолатдан келиб чиқиб, «UzAuto Motors» компанияси яқин орада 4-позиция «Chevrolet Cobalt»ни кутаётган мижозларга автомобилни иситиш ўриндиғи модулисиз таклиф қилади. Ушбу комплектация 1 миллион сўмни ташкил этади. Шунингдек, уларнинг нархи автомобилнинг умумий нархидан олиб ташланади.

Келтирилишича, автомобилда кондиционер ва печка ишлашини таъминловчи иситиш ва совитиш тизим регулятори (HVAC контроллер) ўзгаришсиз ишлашда давом этади, ўриндиқни иситиш тугмаси эса ишламайди.

Аввалроқ «UzAuto Motors» «Tracker»нинг 2021 йилги модели ҳамда «Damas» ва «Labo»нинг янгиланган моделлари нархини эълон қилганди.