13:02 | 18.10.21 94

Тошкент вилоятидаги шифохонада мансабдорлар қарийб 3 млрд сўм пул талон-торож қилди

Вилоят прокуратураси айбланувчиларга қандай чора кўрилганини маълум қилган

Тошкент вилояти Паркент туманидаги тиббиёт бирлашмасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфланиши, давлат мулки ҳамда бошқа объектларни сақланиши юзасидан текшириш ўтказилди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан баёнот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Текшириш якунига кўра, туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари 2019–2020 молия йилида бюджет ва смета-штат интизомини 1 миллиард 193 миллион 205 минг сўм миқдорда бузган. Шунингдек, мансабдорлар 1 миллиард 511 миллион 123 минг сўм пулни растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. Бу ҳолатлар 36 нафар туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ва ишга алоқадор гувоҳларнинг кўрсатмасида баён этилган. Бундан ташқари, соҳталаштириб, нотўғри маълумотлар киритилган табеллар, штат-смета ҳужжатлари ва бошқа далиллар иш ҳужжатларига қўшилган.

Маълум қилинишича, айбланувчиларга нисбатан процессуал тартибда қамоқ, уй қамоғи ва гаров эҳтиёт чоралари қўлланилган. Юқоридагиларга кўра, Паркент туман прокуратураси томонидан тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 184(1)-моддаси (Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) 2-қисми ва 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган ва тергов якуни бўйича жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.

Аввалроқ Сурхондарёда шифохона мансабдорлари ходимларнинг иш ҳақи ва мукофот пулини талон-торож қилгани аниқланганди. Шунингдек, Ўзбекистонда пандемия даврида аҳолига ажратилган қанча маблағ талон-торож қилингани очиқланган.