Жаҳонгир Отажонов 17 октябрь куни ижтимоий тармоқ орқали Ўзбекистондан чиқиб кетишига тақиқ қўйилганини айтиб, видеомурожаат йўллади. Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Фото: Instagram / @jahongir_atajanovs

Маълум бўлишича, Жаҳонгир Отажоновнинг фарзанди футбол ўйнаб, елкасини синдириб олган ва у операция қилиниши керак бўлган. Шу сабаб хонанда ўғлининг жарроҳлик амалиётида олдида бўлиш мақсадида Туркияга кетмоқчи бўлган, аммо у аэропорт ходимлари томонидан тўхтатилган.

«Урганч шаҳар аэропортидан Истанбулга учиб кетишим керак эди. Сабаби ўғлимнинг елкаси синган, операциясида олдида турмоқчи эдим. Афсуски, чегарачилар мани ўтказишмади. Ходим келиб, МИБдан муаммо борлигини айтиб, чиқолмаслигимни маълум қилди», — дейди у ўз видеомурожаатида.

Мазкур мурожаат юзасидан бюро ахборот хизмати маълумот берди. Қайд этилишича, бюро органлари томонидан Жаҳонгир Отажоновга нисбатан суднинг тегишли қарорларига асосан фуқаролар С.Ф., М.С. ва Е.И. фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент ундиришга оид 3 та ижро иши юритилган.

Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ижро ҳужжатларига асосан, қарздордан ундирувчилар М.С. ва Е.И. фойдасига алимент ундириш белгиланиб, бюронинг Юнусобод туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Таъкидланишича, унинг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-1-моддасига асосан вақтинча чекланган. Фуқаро С.Ф. фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати эса унинг аризасига кўра, ижросиз қайтарилган ва ижро иши тугатилган.

Аввалроқ Жаҳонгир Отажоновга нисбатан суд ҳукми ўқилганди. Шунингдек, ИИББ Жаҳонгир Отажоновнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларига муносабат билдиргани хабар қилинган.