Янгиликлар - 16:32 · 19.10.2021

Сурхондарёда эркак салкам 102 млн сўм алимент тўлади

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи Ш.Зокиров вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун 102 миллион сўм алимент тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати

Келтирилишича, Денов туманлараро судининг 2019 йил 5 декабрдаги буйруғига асосан Шерзод Зокировдан вояга етмаган бир нафар фарзанди учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати муддатидан олдин тугатилган.

Шерзод Зокиров хорижга чиқиш истаги борлигини ва ўрнатилган чекловларни қонуний тартибда бекор қилишни сўраб бюронинг туман бўлимига мурожаат қилган. Мазкур бўлимнинг давлат ижрочиси амалдаги қонун талабларини тушунтирган ҳолда қўлланилган чекловларни қандай тартибда бекор қилиш мумкинлиги бўйича тушунтиришлар берган.

Шундан сўнг, Шерзод Зокиров собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда давлат ижрочиси томонидан ҳисоблаб берилган фарзандининг вояга етгунга қадар бўлган алимент пулини яъни 101 миллион 928 минг сўмни олдиндан тўлаб берган.

Ҳужжатлар нотариал тартибда расмийлаштирилгандан сўнг бюронинг Шўрчи туман бўлими томонидан ижро ҳужжати муддатидан олдин тугатилиб, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинган.

Аввалроқ МИБ ходимлари ўртасида спорт мусобақалари бошлангани маълум қилинганди. Шунингдек, Сирдарёда МИБ ташаббуси билан 2 мингдан ортиқ алимент тўловчилар иш билан таъминлангани айтилган.

Bugun — LIVE