Нидерландиянинг Леусден шаҳридаги Совет Эревельдеда (Совет фахрий майдони) дафн этилган 101 ўзбек аскаридан биринчисининг шахси Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан 74 йил ўтиб аниқланди. Бу ҳақда «NOS» телеканали хабар берди.

Фото: «Dutch News»

Маълум қилинишича, Илься Мачаметов Германия Совет Иттифоқига бостириб кирганидан кейин қўлга олинган гуруҳнинг ичида бўлган. Гуруҳ аъзолари Нидерландиядаги Камп Амерсфорт фашистлар концлагерига олиб кетилган.

«Уларнинг аксарияти Ўзбекистондан ва осиёликлар ташқи кўринишига эга бўлган. Улар очликда қолдирилган ва калтакланган. Шу боис биринчи олти ойда 24 киши ҳалок бўлган. Қолган 77 киши 1942 йилда ўққа тутилган ва уларнинг шахси бугунги кунгача номаълумлигича қолган», — дейди «Stichting Sovjet Ereveld Remco Reiding» директори Ремко Рейдинг.

«Агар биз уларга исмларини қайтаришга ёрдам бермасак, 80 йилдан кейин ҳам фашистлар ғалаба қозонган бўлади», — дейди Рейдинг. Қайд этилишича, Рейдинг ва бир гуруҳ кўнгиллилар 1998 йилдан буён аскарларнинг шахсини аниқлаш иши билан шуғулланган. Жасадлар билан бирга бир қанча нарсалар топилган, уларнинг орасида маълумотлар ёзилган қоғозлар ҳам бўлган.

Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик аскарнинг суяк қолдиқлари топилганди. Шунингдек, мамлакатда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик фуқаро ватанга қайтарилган.