Тошкентда психотроп дориларни ноқонуний сотаётган «аптека» аниқланди
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотаётган дорихона аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда «E» МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси С.Х. 1 дона «Тропикамид» ва 56 дона «Регапен» дори воситасини харидор Н.га 1,1 миллион сўмга сотган вақтида ушланган. Дорихонадан тегишли ҳужжатлари бўлмаган «Селофен» ва «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда психотроп дориларни ноқонуний сотаётган «аптека»чи аёл ушлангани ва психотроп дориларни ноқонуний сотаётган корхона раҳбари қўлга олингани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкентдаги 5 та дорихонада психотроп дори сотаётганлар аниқланганди.