11:28 | 20.10.21 130

Афғонистонда «Толибон» ҳаракатига қарши ҳужум уюштирилди — фото

Ҳужум оқибатида ҳаракатнинг 2 нафар аъзоси жароҳатланган

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида «Толибон» ҳаракатига қарши ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «Reuters»

«1ТVNews» телеканалининг хабар беришича, ҳужум Дихмазанг кварталида бўлиб ўтган. Номаълум шахс полиция биноси қаршисида ўша ердан ўтиб кетаётган «Толибон» ҳаракати машинасига граната отган.

Ички ишлар вазирлиги вакили Кари Саид Хостининг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 2 нафар жангчи жароҳатланган.

Фото: «Sputnik Афғонистон»

Маълумот учун, Афғонистонда «Толибон» ҳаракатига қарши теракт содир этилгани хабар берилганди.  Маълум қилинишича, ҳодисага қўлда ясалган портловчи қурилманинг портлаши сабаб бўлган. Тахминларга кўра, ташкилотчилар «Толибон» ҳаракати жангчиларига ҳужум қилиш мақсадида теракт уюштирган. Қурилма толиблар бўлган машина  кўприкдан ўтаётганда ишга туширилган.

Таъкидланишича, ҳодиса сабабли 11 киши тан жароҳати олган ва Кунар вилоятининг Шайтал-ва-Шинтан туман полиция бўлими бошлиғи ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида толиблар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Маълумот ўрнида, Афғонистондаги масжид 8 октябрь куни жума намози пайтида портлатилганди. Маҳаллий хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш хизматларининг маълумотларига кўра, портлашда 43 киши ҳалок бўлган, 140 киши жароҳатланган. БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси ҳодисага ИШИД сабабчи эканини қайд этган.

Аввалроқ Кобулдаги «EID Gah» (Ҳайит байрами) масжиди яқинида бомба портлатилганди. Шунингдек, Кобулда кучли портлаш содир бўлганди.