«Айрим маданий мерос объектларининг номи бор, ўзи йўқ» — Танзила Норбоева
Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева маданий мерос объектларини сақлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш ҳақида гапириб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Сенат раисининг таъкидлашича, ёшлар бандлиги, суғурта, инвестициялар самарадорлигини баҳолаш, маданий мерос, давлат дастуридаги барча топшириқлар долзарб аҳамиятга эга. Шунинг учун улар ўз вақтида бажарилиши шарт.
«Ҳукумат мазкур масалаларни ҳал этишга жиддий эътибор қаратиши зарур. Жумладан, маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатларини шакллантириш ва уларнинг миллий рўйхатини қайта кўриб чиқиш лозим. Айрим йўқ бўлиб кетган маданий мерос объектлари ҳамон муҳофазага олинган объектлар миллий рўйхатида сақланиб турибди, номи бор, ўзи йўқ», — дейди Танзила Норбоева.
Шунингдек, Сенат раиси тегишли қонунга маданий меросларни сақлашга оид ўзгартиришлар киритиш масаласини кўтарган.
«Маданий меърос нафақат тарғибот қилинишига, балки давлатимиз томонидан қаттиқ қўллаб-қувватлашга ҳам муҳтож. Акс ҳолда узоқ йиллар давомида тарихдан шаклланган миллий маданиятимиз, ўзлигимиз ёддан чиқиши, унутилиши ҳам мумкин. Керак бўлса, тегишли қонунларга маданий меросларни сақлашга оид ўзгартиришлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқиш зарур. Давлат вазифаси маданий мерос объектларини сақлашнинг шаффоф ҳуқуқий механизмини яратишдан иборатдир», — дейди Танзила Норбоева.
Аввалроқ Маданий мерос агентлигининг вазифалари белгиланганди. Шунингдек, Ўзбекистонда маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтиши хабар қилинган.