Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни Афғонистон хабарларидан бошлаймиз. «Толибон» ҳаракати Ўзбекистон билан чегарадош вилоятга махсус кучларни жойлаштирди. Лекин бунинг қўшни давлатга (яъни бизга) умуман алоқаси йўқ.

Фото: «РИА Новости»

«Толибон» ҳаракати АҚШда ишлаб чиқарилган ҳарбий техникалар билан қуролланган махсус кучларини Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятига жойлаштирди. «Мансурий дивизияси» деб номланган замонавий қурол-яроғ билан таъминланган бўлиб, вилоят маркази — Мозори Шариф шаҳрида 24 соат давомида назорат ишларини олиб боради ва одам ўғирлаш тармоқларини аниқлаб, йўқ қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, аҳоли хавфсизлигини таъминлайди. 

Маълумотларга қараганда, Балхда аввалги ҳукумат қулаганидан кейин 176 га яқин одам қуролли талончилик ва одам ўғирлашда айбланиб, ҳибсга олинган. Балх вилояти хавфсизлик хизмати берган маълумотларга кўра, махсус кучлар яхши тайёргарликдан ўтган, улардаги қурол ва ҳарбий техниканинг катта қисми эса АҚШда ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистон «Толибон» ҳукуматини қандай ҳолатда тан олади? Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили жавоб берди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев «Москва формати» учрашувида Ўзбекистон «Толибон» ҳукуматини қуйидаги шартлар асосида тан олиниши санаб ўтган:

  • уларнинг Доҳа битими бўйича ўз мажбуриятларини бажариши;
  • Афғонистон жамиятининг барча сиёсий вакиллари бўладиган ҳукумат тузилиши;
  • гуманизм ва аёлларнинг асосий ҳуқуқларини таъминлаш;
  • террорчиларнинг Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатларга таҳдид қилишининг олдини олиш.

Қисқа хабар: Ўзбекистонда жигар трансплантацияси нархи 18–20 минг долларга (192–214 миллион сўм атрофида) тўғри келади. Бу Ҳиндистондан ўртача 2,5 баравар, Россиядан деярли 4 баравар, АҚШдан 10 баравар арзонроқ нарх ҳисобланади.

Жуфт бўлсин учун яна бир қисқа хабар: Ўзбекистонга «Sinovac» вакцинасининг 864 минг дозали партияси олиб келинди. Мамлакатга келтирилган ва ишлаб чиқарилган вакциналар миқдори 31 миллион дозадан ошди.

Фото: СCВ матбуот хизмати

Шу пайтгача яширин иқтисодиёт иштирокчиси бўлган бир миллион фуқаро ўзини ўзи банд қилиш орқали расмий фаолият юритишни бошлаган. Хуфёна иқтисодиётга қарши кураш энди қандай кечади?

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси хуфёна иқтисодиётни қисқартириш бўйича қандай чоралар кўрмоқчилиги маълум бўлди. Бу ҳақда партиядан президентликка номзоднинг вакили Адҳам Икромов теледебатда маълумот берди.

Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилган. Келажакда бу ставкани яна 12 фоизгача тушириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Адҳам Икромов 2016–2021 йиллар давомида тадбиркорлар тўлайдиган солиқ турлари 14 тадан 9 тагача камайтирилганини маълум қилган. Шунингдек, вакил жисмоний шахслар даромади бўйича ижтимоий солиқ ставкасининг кескин туширилганини таъкидлаган. Қайд этилишича, 1 миллион нафар олдин яширин иқтисодиётда фаолият юритган шахслар мазкур даврда ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали расмий фаолият юрита бошлаган.

«Аввалроқ таъкидлаганимиздек, айб қидирмасдан, фақатгина енгиллик ва шароит яратиб, ҳалол тадбиркорларни юзага чиқариш орқали яширин иқтисодиётдан чиқишимиз мумкин», — деган Адҳам Икромов.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ЎзЛиДеПнинг режаларига атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Туркиядаги Мармар денгизи йўқолиб кетиши мумкин. Туркиялик гидробиолог Меҳмет Левент Артузнинг айтишича, Туркиядаги Мармар денгизи ҳарорат кўтарилиши сабабли экологик ҳалокат остида.

Фото: «Daily Sabah»

Мутахассиснинг таъкидлашича, экологик ҳалокат туфайли Мармар денгизининг юқори қатламида ҳаёт кечирувчи сув жонзотларининг йўқолиб кетиш эҳтимоли бор. «Агар бу давом этса, биз Мармар денгизини йўқотишимиз мумкин», — деб огоҳлантирган олим.

Келтирилишича, Мармар денгизининг ифлосланиш даражаси ва сув ҳарорати кўтарилиши глобал исишнинг бошқа кўрсаткичларидан икки баравар юқорини ташкил қилади.

«Иқлим инқирози ҳақида гапирганда, биз фақат ердаги қурғоқчилик ҳақида ўйлаймиз. Аммо денгизлардаги ҳарорат ҳам ошиб бормоқда. Мармар денгизининг ифлосланиши ва исиши глобал исишдан икки баравар юқори», — деган туркиялик гидробиолог Меҳмет Левент Артуз.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.