Bugun.uz журналистлар мактабининг иккинчи мавсумига старт беради. Унда ўқиш бепул!
Мактабга ариза топшириш шартлари билан қуйида танишинг

Эсингизда бўлса, мактабнинг биринчи босқичида 12 нафар ўқувчи 2 ойлик курсни (биринчи ойда дарслар, иккинчи ойда амалиёт) тамомлаб, 8 нафари ишга олиб қолинганди. Айни пайтда улар мухбир, янгилик ёзувчи, масъул муҳаррир, спорт бўлими муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари каби лавозимларда фаолият олиб бормоқда. Нашр эса мактабнинг иккинчи мавсумига старт беришини маълум қилади.
Мактабнинг афзалликлари нимада?
- Бепул таълим берилади;
- Қисқа муддатда фаолиятингизда керак бўладиган барча зарур билим ва кўникмалар ўргатилади;
- Журналистиканинг энг замонавий, илғор соҳалари ва жиҳатлари бўйича маълумот берилади;
- Ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашилиб, ўзи қизиққан формат ва жанрларда ижод қилиш ўргатилади;
- Амалиёт «Bugun.uz» структурасида ўтказилади;
- Энг яхши ўқувчилар ишга олиб қолинади.
Бугун журналистлар мактаби ўқувчисининг тахминий портрети
- 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш мутахассис;
- журналистика соҳасида билими ёки тажрибаси бўлиши шарт эмас, ҳатто бошқа соҳани яхшироқ билгани маъқул;
- ўзбек тилида яхши ёза олиши, фикрини эркин ифодалай олиши керак;
- рус ёки инглиз тилларини яхши даражада билиши фойдадан холи эмас;
- аҳил жамоада ўқишга ва ишлашга тайёр, киришувчан ва инсонлар билан тез тил топишадиган бўлиши лозим.
Мактабга қабул қилиниш учун нималар қилиш керак?
@bugunuzaloqabot манзилига қуйидаги ҳужжатлар юборилади:
1) маълумотнома (объективка, CV); унда контакт маълумотлар — телефон рақами ва электрон почта манзили (gmail’да) акс этган бўлиши шарт;
2) Ўзбекча ёзилган матн (чоп этилган ёки чоп этилмаган);
3) Русча ёки инглизчадан қилинган қисқа таржима (ўз хоҳишига кўра матн танлаб).
Қабул 31 октябрга қадар давом этади. Шундан сўнг ғолиблар аниқланиб, ҳар бирига хабарнома йўлланади. Дарслар ноябрь ойида бошланади. Дарс кунлари ва соатлари саралаб олинган ўқувчилар билан келишилади.
Ўқиш қанча давом этади?
Бир ой. Бу муддатда жами 12 та дарс ўтилиб (ҳар бири 1 соатдан), асосий билимлар берилади. Ундан сўнг сертификация ва хайрлашув маросими бўлиб ўтади, бир неча кундан сўнг эса энг яхши ўқувчиларга меҳнат шартномаси таклиф қилинади.

Фото: «Bugun.uz»

Фото: «Bugun.uz»
Дарслар ва амалиёт интенсив бўлади. Дарсдан ташқари уй вазифаларига, матн ёзишга кўп вақт ажратилиши керак бўлади. Мактабда ўқишни истайдиган ҳар бир талабгор буни инобатга олиб, етарлича вақт ажратиши ва қаттиқ ишлашга тайёр бўлиши лозим. Қабул қилинган номзод ўқийдиган ёки ишлайдиган жойидан тегишли соатларга рухсат олиб, мактабга асосий эътиборини қаратиши талаб этилади. Дарсларни қолдиришга, вазифаларни бажармасликка рухсат этилмайди.
Агар бунга тайёр бўлсангиз, унда сизни кутамиз! Тезроқ ҳужжатларингизни топширинг. Бу — сизнинг имкониятингиз. Ундан эртага эмас, Бугун фойдаланинг!
*Мактаб Тошкент шаҳрида ташкил этилади!