Бухорода истеъмолга яроқсиз пахта ёғи ишлаб чиқарувчи цех аниқланди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истеъмолга яроқсиз пахта ёғи ишлаб чиқарувчи цех аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган идоралари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида туманнинг Буктарой маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган М.М. ўзининг яшаш хонадонида яширин цех ташкил этгани аниқланган. М.М қўлбола усулда чигитдан олинган 100 литр пахта ёғини 2 миллион 300 минг сўмга ўзга бир фуқарога сотаётган вақтда ушланган.
Қайд этилишича, ундан 100 литр жувоз ёғи ва ускуналар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ҳолат юзасидан М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (Чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада салкам 47 миллион сўмлик қалбаки минерал ўғит ишлаб чиқарган цех аниқланганди. Шунингдек, Жиззахда газга ноқонуний уланган оҳак цехи топилгани ва Самарқандда ноқонуний равишда ароқ ишлаб чиқарган цех аниқлангани хабар қилинган.