Фарғона вилояти ҳокимлиги Марғилондаги «Хўжа Порсо» жоме масжиди бузиб ташлангани юзасидан ўрганиш ўтказди. Бу ҳақда вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси матбуот хизмати

Марғилондаги қарийб III асрлик Хўжа Порсо жоме масжиди бузиб ташлангани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, Фарғона вилояти ҳокимлиги масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борган. Унда Марғилон шаҳар Хўжа Порсо маҳалласи Бахтиёрлик кўчаси 100-уйда жойлашган «Хўжа Порсо» жоме масжиди Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сонли қарорига асосан Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганини аниқлаган. Масжид Мусулмонлар идораси Фарғона вилояти вакиллиги томонидан расмий намозхона сифатида фойдаланиб келиниши таъкидланган.

Фото: Фарғона вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси матбуот хизмати

Қайд этилишича, бу масала юзасидан 20 октябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ масжидга бориб, ҳолат билан атрофлича танишган. Ташриф давомида бу тарихий бино 2000 йиллардаёқ авария ҳолатига келиб қолгани ва бу хусусда 2019 йил 23 ноябрда вилоят ҚШН инспекцияси томонидан бинонинг техник ҳолати бўйича хулоса олингани маълум бўлган.

Фото: Фарғона вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси матбуот хизмати

Унга кўра, масжиднинг асосий бино ва иншоотлардан фойдаланиш муддати ўтгани, маънавий, жисмоний эскиргани ва реконструкция харажатларини ҳисобга олган ҳолда янги лойиҳавий ечим асосида янгидан қуришга тавсия берилган. «Хўжа Порсо» жоме масжиди ҳудудига қўшимча бино иншоотлари қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тузилган мазкур таклиф-лойиҳа Маданий мерос агентлиги қошидаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим қилинган. Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг 2020 йил 23 ноябрдаги 32-сонли баёнининг 18-бандига асосан таклиф-лойиҳа маъқулланган.

Фото: Фарғона вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, тегишли хулоса олингандан сўнг масжиднинг тарихий қисмидаги меъморий детеллар малакали реставратор томонидан рақамланиб, ечиб олинган. Ҳозирда масжиднинг тарихий айвон қисми қайта тиклаш ишлари бошланган. Бошқарма ҳозирда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилган. Текшириш натижалари тўғрисида қўшимча маълумот берилиши айтилган.

Аввалроқ Бухорода «Абдуллахон» мадрасаси девори қулаб тушганди. Шунингдек, Бухородаги «Абдуллахон» мадрасасининг девори қулаб тушгани бўйича жиноят иши қўзғатилган.