Марғилонда 1869 йилда қурилган қадимий Хўжа Порсо жоме масжиди бузиб ташланди. Бу ҳақда «Газета.uz» маълумот берди.

Фото: Жамил Қосимов

Маданий мерос агентлигининг маълум қилишича, бино бир неча жойидан ёрилгани боис бузилиб, янгидан қурилмоқда. Таъмирлаш ишлари 2021 йил июнь ойида бошланган, июль ойида эса масжиднинг тарихий қисми жойлашган айвон ечиб олинган.

Таъкидланишича, гид Жамил Қосимов Англиядан келган меҳмонларни бетакрор устунлар ва нақшиндор шифтни кўрсатиш учун олиб борган, бироқ масжид бузилиб, унинг ўрнида қурилиш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлган. У 2019 йилда туристларни масжидга олиб борган вақтида туширилган суратларни ва унинг ҳозирги аҳволи тасвирланган видеони эълон қилган. Англиялик туристлар: «мазкур объектни сайёҳлар учун жозибадор қилиб турган бу каби гўзалликни қандай қилиб йўқ қилиш мумкин? Янги барибир янги-ку», — дея муносабат билдирган.

Масжидининг олдинги ҳолати. Фото: Жамил Қосимов

Қайд этилишича, биргина Буюк Британиянинг ўзида 50 йил аввалги бинони таъмирлаш ёки реставрация қилиш учун ҳам кўплаб комиссияларнинг рухсатини олишга тўғри келиши қўшимча қилинган. Қолаверса, бу ҳақда журналист Элмира Тухватуллина Facebook’да пост ёзиб қолдирган. У: «Нима учун бизда тарихий иншоотларни бузиб ташлаш тўғрисида осонгина қарор қабул қилинади?» деган савол билан юзланган. Шунингдек, блогер Никита Макаренко реконструкция баҳона масжиднинг тарихий қиёфаси йўқотилаётганини айтиб ўтган.

«Мана шундай тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун Ўзбекистоннинг маҳалла-қишлоқларини бир айланиб, масжидлар, мадрасалар, бошқа биноларни кўздан кечириш керак деб ўйлайман. Маҳаллалар ичида рўйхатга олинмаган, ўрганилмаган, лекин тарихий аҳамиятга эга бир дунё бино мавжуд. Экспертлар гуруҳи уларни кўздан кечириб, қайси тарихий аҳамиятга, меъморий-бадиий қийматга эгалигини аниқлаши лозим. Шунда қаерда нима бор, нимани сақлаш керак, нимани бузса ва таъмирласа бўлади, аниқроқ маълумотга эга бўламиз. Акс ҳолда ахборот етишмовчилиги туфайли ҳар хил баҳслар ва тушунмовчиликлар келиб чиқаверади», — дея ҳолатга муносабат билдирган журналист Элдор Асанов.

Фото: Жамил Қосимов

Маданий мерос агентлигининг изоҳ беришича, Хўжа Порсо жоме масжидига ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида масжид ҳудудига қўшимча бино иншоотларини қуриш бўйича таклиф тайёрланган ва 2020 йилнинг 23 ноябрида агентгик (ўша вақтда департамент) ҳузуридаги илмий-эксперт кенгаши томонидан маъқуллаган. Илмий-эксперт кенгашининг хулосасида, шунингдек, маданий мерос объекти бўлган эски масжид биносини таъмирлаш шарти билан рухсат берилгани қайд этилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятидаги таҳририят биноси бузиб ташланиши хабар қилинган. Шунингдек, Бухорода «Абдуллахон» мадрасаси девори қулаб тушганди.