Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Кармана туманида тиббиёт ходими беморга қўл кўтаргани ҳақидаги хабарни рад этди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, 19 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Кармана туманидаги шифохоналардан бирида тиббиёт ходими ва шифокор қабулига келган бемор ўртасида юз берган тортишув акс этган видео тарқалган. Мазкур ҳолат вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан шу куннинг ўзидаёқ назоратга олиниб, ўрганишлар олиб борилган.

Аниқланишича, 18 октябрь куни Кармана туманида яшовчи фуқаро Т.Т. туман марказий шифохонасининг қабул бўлимига келиб, юраги безовта қилаётгани, шу сабабдан муассасанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даволанмоқчи эканини айтган. Марказ шифокори А.Тошев беморни дарҳол тиббий текширувдан ўтказиб, унга аҳволи қониқарли экани ва касалхонада ётиб даволаниши учун эҳтиёж йўқлигини таъкидлаган. Шундан сўнг фуқаро Т.Т. шифокорнинг сўзларига қатъий эътироз билдириб, уни ҳақиқатга мос келмайдиган сўзлар билан айблай бошлаган.

Қайд этилишича, беморга режали кардиология бўлимидан жой ҳозирланиб, зарур дори воситалари билан таъминланиши айтилган. Лекин у бунга рози бўлмасдан, шифокорлар устидан шикоят қилишини айтган. Кейин эса шошилинч тиббий ёрдам бўлимига кириб, қўл телефони орқали муассасани тасвирга туширишни бошлаган. Ҳолатга гувоҳ бўлган марказ ҳамшираси М.Ҳамроева унинг бу хатти-ҳаракатларига эътироз билдириб, Т.Т.нинг қўл телефонини олиб қўйишга ҳаракат қилган. Лекин у беморга қўл кўтармагани таъкидланган.

Айтилишича, бу ҳолатга қарамай, бемор билан қўпол муносабатда бўлгани, соғлиқни сақлаш тизими ходимига муносиб бўлмаган ҳаракатларни содир этгани, бемор билан мулоқот қилиш қоидаларини қўпол равишда бузгани учун ҳамшира М.Ҳамроева қатъий огоҳлантирилган. Бемор Т.Т. эса туман тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлимида керакли даво муолажаларини олишни бошлаган.

Аввалроқ Андижонда шифокорни дўппослаган 30 ёшли эркакка жиноий иш қўзғатилганди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ҳижобли аёлнинг эри шифокорни калтаклагани акс этган видео юзасидан изоҳ берган.