Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг VI чақириқ 30-сессияси ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, сессия кун тартибида Президентнинг «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, бюджет маблағини Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши қарорисиз ишлатганлик ҳолати ва қабулларда фуқароларга «Саховат ва кўмак» жамғармасидан маблағ ажратиш каби бир қатор масала муҳокама этилган.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Ўз боласини сотаётган аёллар ҳақида хеч қандай муҳокама бўлиши мумкин эмас, унинг орқасида бошқа инсонлар қўли турибди. Ўзбекчилигимизга хос бўлмаган бу иллатни аниқлаш эмас, олдини олиш чораларини кўриш керак. Бунинг учун ҳар бир фуқаро, маҳалла фаоллари ва ҳудудлардан сайланган депутатлар фаол ва сергак бўлиши керак», — дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.

Шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармасидан фуқароларга ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилмаётгани ва бунинг натижасида такрорий мурожаатлар кўпайгани алоҳида таъкидланган.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Зойир Мирзаев заводларни хусусийлаштириб олган амалдорлар ҳақида гапирганди. Шунингдек, вилоят ҳокими интизомий жазога тортилган Қарши ҳокими ҳақида фикр билдирган.