14:31 | 20.10.21 42

Ўзбекистон Қирғизистонда 2 та мактаб қуради

Таълим муассасалари 850 ўринга мўлжалланган

Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятида иккита мактаб қуради. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Фото: «Today.kg»

Келтирилишича, Қирғизистон таълим ва фан вазирининг ўринбосари Нодира Жусупбекова Жўқорғи Кенгешнинг (Қирғизистон парламенти) Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси йиғилишида бу ҳақда маълумот берган.

Жумладан, у мактаблар қурилиши тўлиқ Ўзбекистон томонидан молиялаштирилишини қайд этган. Шу тариқа, вилоятдаги фавқулодда бинолар ўрнига иккита янги мактаб қурилиши, биринчиси Самарқандек қишлоғида 350 ўринли, иккинчиси эса Лайлак туманининг Марғун қишлоғида 500 ўринли таълим муассасаси бўлиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти томонидан қўллаб-қувватланган янги лойиҳа доирасида Туркистон шаҳрига кираверишда масжид қурилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг қўшни Туркистонга совғаси бўлиб, унинг қурилишини якунлаш 2022 йилга режалаштирилган.

Аввалроқ Қирғизистонни Ўзбекистон билан боғлайдиган туннель қуриш таклиф қилинганди. Шунингдек, Қирғизистон аҳолиси мамлакатнинг Ўзбекистон билан муносабатларига баҳо берганди.