Россиянинг Қозон шаҳрида ўзбекистонлик 19 ёшли йигит қора «BMW» русумли машинада полиция инспекторини уриб, йўл ҳаракати қоидаларини 19 марта бузди. Бу ҳақда «Kazan BezFormata» хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, ҳодиса 17 октябрь куни содир бўлган. Ҳайдовчи йўл патруль ходимининг Карл Маркс–Пушкин чорраҳасида тўхташ талабини бажармаган. Натижада ходимлар машинани таъқиб қила бошлаган. Сибгата Хаким–Декабристов чорраҳасига етиб бормасдан, машина тирбандликда қолиб, тўхтаган.

Бироқ ҳайдовчи бир нечта патруль ходимлари томонидан ўраб олинганига қарамай, машинада орқага қарама-қарши чизиқ бўйлаб ҳаракатланиб, ғойиб бўлган. Таъкидланишича, ўзбекистонлик йигит йўлда полициячилардан бирини уриб юборган.

Таъкидланишича, Ҳодисада ҳуқуқбузарга нисбатан атрофда машиналар кўплиги учун ўқотар қурол ишлатилмаган. Текширув натижасида машина эгаси 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ҳумоюнмирзо Саиджонов бўлиб чиққан. Унга нисбатан 2021 йилнинг август ойида лицензиясиз машина ҳайдагани ва шу каби бошқа қоидабузарликлар сабабли маъмурий баённома тузилган.

Қайд этилишича, Залесной кўчасидаги уй ёнидан 18 октябрь куни қора «BMW» топилган. Ҳайдовчи ҳибсга олинган ва у барча қонунбузарликларни тан олган. Қўлга олинган шахсга нисбатан инспекторлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида 21 та баённома тузган.

Аввалроқ Россияда болта билан полициячига ташланган ўзбекистонлик эркакка ўқ узилгани ва Россияда катта миқдорда пул ўғирлаган ўзбекистонлик эркак ҳибсга олингани маълум қилинган.