«Толибон» ҳаракати Россия, шунингдек, кенгайтирилган «учлик» формати (Россия, АҚШ, Хитой, Покистон) Афғонистон тақдири ва минтақа хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнаши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАCC» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Келтирилишича, «Москва формати» учрашувида қатнашаётган Афғонистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Абдулсалом Ҳанафий бу ҳақда маълумот берган.

«‘Кенгайтирилган учликʼ бутун минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун жуда муҳим роль ўйнайди. Бу нуқтаи назарни ифода этиш, шунингдек, минтақавий давлатлар ўртасида умумий позицияни шакллантиришга ёрдам беради. Россия кучли минтақавий ўйинчи сифатида Афғонистон учун ижобий роль ўйнаши мумкин», — деган Ҳанафий.

Маълумот ўрнида, «Москва формати» 2017 йилда Россия, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Хитой ва Покистон махсус вакилларининг олти томонлама маслаҳатлашув механизми асосида тузилган.

Аввалроқ Россияда «Толибон» иштирокида ўтаётган учрашувда нималар муҳокама қилиниши ва «Толибон» ҳаракати қўшни давлатларга террористик ҳужум уюштирилиши эҳтимолини баҳолагани маълум қилинган.