«Толибон» ҳаракати Балх вилоятига махсус кучларни жойлаштирди. Бу ҳақда «Tolo News» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Балх вилояти хавфсизлик хизмати ходимларининг сўзларига кўра, Ислом Амирлиги «Мансурий дивизияси» деб номланган махсус кучлар бўлинмасини тузган ва уни айнан шу вилоятга жойлаштирган. Кучлар замонавий қурол-яроғ билан таъминланган бўлиб, вилоят маркази — Мозори-Шариф шаҳрида 24 соат давомида назорат ишларини олиб боради ва одам ўғирлаш тармоқларини аниқлаб, йўқ қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, аҳоли хавфсизлигини таъминлайди.

Хавфсизлик хизмати берган маълумотларга кўра, махсус кучлар яхши тайёргарликдан ўтган, улардаги қурол ва ҳарбий техниканинг катта қисми эса АҚШда ишлаб чиқарилган. «Келажакда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Агар бирор нарса юз берса, одамлар Ислом Амирлигининг хавфсизлик хизмати ходимларига мурожаат қилиши мумкин, биз дарҳол воқеа жойига етиб борамиз», — дейди бўлинма ходимларидан бири.

Маълумотларга қараганда, Балхда аввалги ҳукумат қулаганидан кейин 176 га яқин одам қуролли талончилик ва одам ўғирлашда айбланиб, ҳибсга олинган. Маълумот ўрнида, Балх вилояти Афғонистон шимолида жойлашган бўлиб, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош ҳисобланади. Баъзи маълумотларга кўра, 500 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Мозори-Шариф шаҳри муҳим савдо ва транспорт маркази сифатида кўрилади.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати махсус кучлари қандай кўринишда экани очиқланганди. Шунингдек, ҳаракат Тожикистон билан чегарага минглаб жангчиларни жойлаштиргани маълум қилинган.