Афғонистонда қизлар учун махфий онлайн мактаб очилди
Афғонистоннинг «Learn Afghanistan» хайрия жамияти 12 ёшдан ошган қизлар учун махфий онлайн мактаб очди. Бу ҳақда «The Times» хабар берди.

Маълум қилинишича, онлайн таълим «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан бери дарсларга кира олмаган қизлар учун ташкил этилган. «Биз Афғонистон келажаги бўладиган 100 нафар қизга дарс беряпмиз. Улар ҳафта давомида планшет ёрдамида биргаликда ўқиб, уй вазифаларини олади», — деган «Learn Afghanistan» раҳбари Паштана Дуррани ва дарслар аёл ўқитувчилар томонидан олиб борилишини айтган.
Таъкидланишича, «Learn Afghanistan» фан, техника, муҳандислик ва математика каби фанлар бўйича дастурни ташкил этган. Унда қизларга дастурлаш ва веб-сайтлар ишлаб чиқиш ҳам ўргатилади. Ходимлар ва ўқувчиларни ҳимоя қилиш учун онлайн мактаб қандай ишлаши тафсилотлари сир сақланади. Шунингдек, дастур қизларни ўқув материалларини топишга ўргатиши, улар ўз билимларини мустақил равишда ошириши мумкинлиги қайд этилган.
«Ҳаммамиз, айниқса, аёлларнинг таълим олиш имкониятидан жуда хавотирдамиз. Шу сабабли бу дастур жуда муҳим ҳисобланади», — деган дастурда иштирок этувчи ўқитувчи Назифа Раҳматий. Маълумотларга кўра, хайрия жамияти ҳомиладор аёллар ва ёш оналарга бепул тиббий ёрдам кўрсатилишини қўллаб-қувватлаш дастурини ҳам бошлаган.
Аввалроқ Афғонистонда аёл судьяларга нисбатан «ов» эълон қилингани ва Кобулда талаба қизлар «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун намойиш ўтказгани маълум қилинган.