Янгиликлар - 11:40 · 22.10.2021

ЕХҲТнинг Парламент ассамблеяси Ўзбекистондаги президентлик сайловида илк бор кузатувчи сифатида иштирок этади

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) делегацияси 21 октябрь куни Ўзбекистонда президентлик сайловини кузатиш учун Тошкентга келди.

Фото: «OSCE»

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо 25 давлатдан 100 дан ортиқ парламентарийлардан иборат делегацияга немис депутати Даниел Де Риддер ва ЕХҲТ ПАнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Австрия миллий кенгашининг Европа ишлари бўйича қўмитаси раиси Рейнхолд Лопатка бошчилик қилмоқда. 

Ташриф давомида ЕХҲТ ПА вакиллари Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси, сиёсий партиялар, вазирлик ва идоралар раҳбарияти билан учрашишни, сайлов участкаларининг бўлажак сайловга тайёргарлик даражаси билан танишишни режалаштирган.

Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис 1993 йил январдан буён ЕХҲТ Парламент ассамблеяси аъзоси ҳисобланади. 2017 йилдан бошлаб икки томонлама ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон делегацияси Парламент ассамблеяси сессия ва йиғилишларида 10 мартадан кўпроқ иштирок этди. 2019 йил сентябрь ойида Парламент палаталари Кенгашининг қўшма қарори билан Ўзбекистон ва ЕХҲТ ПА ўртасидаги 2019-2020 йилларга мўлжалланган амалий ҳамкорлик режаси тасдиқланди. Бир йил ўтиб, 2020 йил сентябрь ойида Олий Мажлис палаталари кенгашининг «Парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қўшма қарори қабул қилинди. Ушбу қарор доирасида ЕХҲТ ПА билан ҳамкорлик қилиш учун «Йўл харитаси» қабул қилинди. 2021 йил июль ойида Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТ ПАнинг ёзги сессиясида иштирок этди. 

Ўзбекистон делегациясининг 2021 йил сентябрь ойида Вена шаҳрида бўлиб ўтган парламент спикерларининг 5-Бутунжаҳон конференциясида иштироки доирасида делегация раҳбари, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ЕХҲТ ПА президенти М.Седерфелт билан музокаралар ўтказди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси аъзоси Умид Жабборовнинг сўзларига кўра, бу ЕХҲТ Парламент ассамблеяси вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонда президент сайловини кузатишдаги биринчи иштирокидир. Унинг таркибига ЕХҲТга аъзо 25 давлатдан 120 дан ортиқ депутат киради. ЕХҲТ Парламент ассамблеяси биринчи марта 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловни кузатишда иштирок этди. Ўшанда ташкилотдан 50 аъзо ташриф буюрган эди. Умуман олганда, ЕХҲТга аъзо давлатлар парламентарийларининг сўнгги йилларда анъанага айланган Ўзбекистондаги сайловларни кузатишда иштирок этиши халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар сиёсатини эътироф этиш ва қўллаб-қувватлашининг яққол далилидир.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ ПАнинг 50 аъзодан иборат делегацияси 2019 йилги парламент сайловида кузатувчи сифатида иштирок этган. Ўшанда делегацияни Г.Церетели бошқарган. У ўз кузатув натижаларига кўра, сиёсий лидерлар, амалдорлар ва оддий фуқароларнинг мамлакатда демократик жараёнларни такомиллаштиришга бўлган қизиқиши ортганини, шунингдек, ислоҳотларнинг сайловларга реал таъсирини қайд этган эди.

Аввалроқ Танзила Норбоева ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде билан видеоконференция форматидаги учрашув ўтказгани хабар қилинган.