Қамчиқ довонида юк машинаси бетон тўсиққа урилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Келтирилишича, 21 октябрь куни соат тахминан 17:00 атрофида Тошкент–Ўш халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган 226-километрида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. «DAF»  русумли юк машина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида темир тўсиққа бориб урилган.

Таъкидланишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Қамчиқ махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари воқеа жойига етиб бориб, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга оширган. Қутқарув ишига бошқарманинг махсус техникаси ҳам жалб қилинган.

Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатларини бартараф этишда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ёрдам кўрсатган. Воқеа оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар қайд этилмаган.

Аввалроқ Сурхондарёда ҳайдовчиси ухлаб қолган «Nexia» бетон тўсиқ ва симёғочга урилганди. Шунингдек, Тошкентда «Lacetti» бетон тўсиққа урилгани ва Қамчиқ довонида ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб «Cobalt» ағдарилиб кетгани хабар қилинган.